13:00 / 28.06.2020
1 054

Менежерлар қанча маош олади? Россиянинг энг «қўли очиқ» компаниялари

Менежерлар қанча маош олади? Россиянинг энг «қўли очиқ» компаниялари
Forbes Россиядаги менежерларга энг кўп маош тўлайдиган компаниялар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Россиядаги энг сахий 25 компания топ-менежерларига тўлайдиган маблағнинг умумий миқдори йилига 60 миллиард рублни (салкам 1 миллиард доллар) ташкил этади.

«Президентнинг маоши ҳам унча катта эмас», деган эди Путин 2020 йил бошида ўзига «Ойига 10 800 рублга (150 доллар атрофида) кун кечириб бўладими?» деб берилган саволга жавоб бера туриб.

«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, мамлакатдаги биринчи шахснинг иш ҳақи ҳақиқатан йирик компаниялар раҳбарлари ва топ-менежерлар оладиган иш ҳақи олдида жуда камтарона кўринишда.

Шу сабабли, сўнгги пайтларда топ-менежерлар маошини қисқартириш ҳақида қонун қабул қилиш лозимлиги ҳақида турли таклифлар билдириляпти. Масалан, Россия компанияларини бошқараётган топ-менежерларнинг иш ҳақини қонуний равишда Россия бош вазири олаётган иш ҳақининг уч баробари миқдорича қисқартириш таклиф этилмоқда. Ўшанда топ-менежерларнинг йиллик даромади 30 миллион рубллик миқдордан ошиб кетмайди. Шунингдек, айрим топ-менежерларнинг ўзи ҳам иш ҳақига чегара қўйилишига розилигини билдирган.

2019 йил давомида директорлар кенгаши ва бошқарув кенгаши аъзоларига 4,4 миллиард рубль миқдорида ҳақ тўлаган ВТБ банки топ-менежерларнинг иш ҳақи чекланадиган қарор қабул қилинишига ишонмайди. Forbes нашри қўлга киритган изоҳларга кўра, коронавирус пандемияси туфайли ёмонлашаётган иқтисодий шароитлар сабаб иш ҳақи тўловларининг ҳозирги ҳолати мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ВТБ банки директорлар кенгаши 2019 йил учун тўланадиган дивидендлар миқдорини белгилаганидан сўнг бир қарорга келинади.

2019 йил май ойида SSJ 100 самолётининг ҳалокати туфайли «Аэрофлот» топ-менежерлари ўтган йил давомида ўз иш ҳақига қўшиб тўланиши лозим бўлган бонусларни олишмаган. Авиакомпаниянинг ўтган йилги ҳисоботида асосий бошқарув ходимларига 2,1 миллиард рубль миқдорида иш ҳақи ва мукофотлар тўлангани қайд этилган. Бунда нафақат компания раҳбарлари, балки ердаги ва ҳаводаги ходимлари ҳам назарда тутилган.

Юқоридаги маблағнинг қанчаси ҳануз уни олувчиларга етиб бормагани ҳисоботларда яширилмаяпти. Бироқ 2019 йил 25 июнда авиакомпания ҳиссадорлари йиғилишида «Аэрофлот» бош директори Виталий Савелев юқори даражадаги топ-менежерлар фалокат юз берганда ўз иш ҳақига қўшиб тўланадиган бонусларни йўқотиши мумкинлиги ҳақида гапирган. Яъни, у ўтган йил май ойида рўй берган авиаҳалокат туфайли менежерларга иккинчи чоракдан йил охиригача бонуслар берилмаслигини айтган.

Шундай бўлса ҳам, Forbes Россиянинг энг сахий компаниялари рўйхатини тузишда ВТБ ҳамда «Аэрофлот» компанияларини рўйхатга қўшган. Чунки улар Россияда бошқарувчиларига энг катта ҳақ тўлайдиган компаниялар ҳисобланади.

Forbes таҳлилчилари ўтган йилдаги каби Москва биржасида капитализациялаш юқори бўлган 100та энг йирик компанияларнинг ҳисоботларини кўриб чиққан ва улардан 25тасини танлаб, асосий бошқарув ходимларига максимал даражада қанча тўловлар тўлаётганини таҳлил қилган. Таҳлилда иш ҳақи ва мукофот пуллари каби фақат қисқа муддатли иш ҳақи турлари ҳисоблаб чиқилган ва суғурта, пенсия бадаллари қўшилмаган.

Рўйхат тузилгач журнал ходимлари уларни топ-25 компанияларга жўнатиб, компаниялардан раҳбарларга, менежерларга тўланаётган иш ҳақи ва мукофот пуллари ҳақидаги маълумотларни беришни сўраган.

Шунингдек, бу йил нашр ходимлари «Газпром» таркибига кирувчи барча компаниялар, шу жумладан унинг шўъба корхоналаридан бири бўлган «Газпром нефть» каби компанияларни алоҳида компаниялар деб ҳисоблаган ҳолда алоҳида ҳисобот сўраган.

Кетма-кет иккинчи йил ўз бошқарувчиларига ва топ-менежерларига юқори иш ҳақи ва мукофотлар тўлашда биринчи ўринни «Норильский никель» тоғ-кон металлургия компанияси эгаллаган. Бу компания йил давомида менежерларига иш ҳақи ва мукофотлар учун 6,3 миллиард рубль сарфлаган. Бу 100 миллион доллар дегани. Иккинчи ва учинчи ўринларни иш ҳақи ва мукофотлар учун деярли бир хил маблағ сарфлаган «Новатек» корпорацияси ва ВТБ банки банд қилган. Улар йил давомида ўз бошқарувчиларига иш ҳақи ва мукофот тарзида 4,4 миллиард рубль тўлаган.

Жами 25 компания ўз бошқарувчилари ва топ-менежерлари учун иш ҳақи ва мукофотлар учун 2020 йилда 60,4 миллиард рубль ажратган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 54,5 миллиард рублни ташкил этган. Бу йилги рўйхат иштирокчиларидан ўтган йилга нисбатан еттита компания ўз тўловларини камайтирган. Масалан, бошқаларига қараганда «Газпром» (1,4 миллиард рублдан 1,96 миллиард рублгача) ва «Роснефть» (278 миллион рублдан 3,79 миллиард рублгача) ўз харажатларини салмоқли равишда қисқартиришди. Forbes рўйхатида келтирилган 25 компаниянинг ўнтаси давлат томонидан назорат қилинади.

Рўйхатдаги энг камтар капитализацияга эга бўлган компания Аркадий Ротенбергнинг ҳозир жиддий санкцияларга учраган «Мостотрест» компанияси ҳисобланади. 2019 йил охирида 32 миллиард рубллик капитализация кўрсаткичлари билан компания бошқарув тўловларига 2,2 миллиард рубль маблағ ажратган.

Forbes рўйхатида етакчилик қилган компаниялар бешлиги:

«Норильский никель»
Директорлар кенгаши раиси:
Пенни Гарет.
Президент: Владимир Потанин.
2019 йилда компания бошқарувчилари ва топ-менежерларига тўланган иш ҳақи ва мукофот пуллари миқдори 6,3 миллиард рублни ташкил этган.
2019 йилда капиталазиция қиймати: 3 триллион рубль.
«Норильский Никель»да бошқарув аъзоларининг иш ҳақи стратегик мақсадларга эришишга боғлиқ ва белгиланган иш ҳақи (ярмига яқин) ва бонуслардан иборат. Бонус қисми компаниянинг иш фаолиятига боғлиқ. «Норильский Никель» директорлар кенгаши ва бошқарув аъзоларига қарз ва кредит бермайди. Ўтган йили директорлар кенгашининг иш ҳақи 249 миллион рублни ташкил этди.

«Новатэк»
Директорлар кенгаши раиси:
Александр Наталенко
Бошқарув раиси: Леонид Михелсон.
2019 йилда компания бошқарувчиларига тўланган иш ҳақи ва мукофот пуллари миқдори: 4,4 миллиард рубль.
2019 йилдаги капитализация қиймати: 3,8 триллион рубль.
«Новатэк» охирги бир йилда иш ҳақи ва мукофотлар учун ажратиладиган маблағ миқдорини 1 миллиард рублга оширди. Компания директорлар кенгаши аъзоларининг йиллик иш ҳақи йилига 15 миллион, мукофот пули эса йилига 4,5 миллион рублни ташкил этади. Бошқарув раиси ва диркекторлар кенгаши раисининг иш ҳақи 30 миллион, мукофот пуллари эса 3 миллион рублни ташкил этади.

ВТБ
Компания кузатув кенгашининг раиси:
Антон Силуанов.
Компания президенти – бошқарув раиси: Андрей Костин.
2019 йилда компания бошқарувчилари ва топ-менежерларига тўланган иш ҳақи ва мукофот пуллари миқдори 4,4 миллиард рублни ташкил этган.
2019 йилги компаниянинг капитализация қиймати: 591 миллиард рубль.
Жорий йилда ВТБда юзага келган жиддий йўқотишлар сабаб компания менежерларига 2019 йилда берилиши лозим бўлган мукофот пулларини бермасликни режалаштиряпти. Бу масала ҳақидаги якуний қарор банк директорлар кенгашининг сентябрь ойида ўтказиладиган йиғилишида чиқарилади.

«Система» акциядорлик молия корпорацияси
Директорлар кенгаши раиси: Владимир Евтушенков.
Президент – бошқарув раиси: Владимир Чирахов.
2019 йилда компания бошқарувчиларига тўланган иш ҳақи ва мукофотлар миқдори 4,38 миллиард рубль.
2019 йилдаги капитализация қиймати: 147 миллиард рубль.
«Система» корпорацияси 2019 йилда ўз бошқарувчиларига тўланадиган иш ҳақи ва мукофот пулларини 2018 йилдагига қараганда 2,2 миллиард рублга оширди. Бунга 2019 йилда компаниянинг молиявий ҳолати аъло даражада бўлгани билан изоҳ берилди. Ушбу компания 2019 йилда 53,4 миллиард соф фойда кўрди.

«Сбербанк»
Кузатув кенгаши раиси:
Сергей Игнатьев.
Бошқарув раиси: Герман Греф.
2019 йилда компания менежерларига тўлаган иш ҳақи ва мукофотлар учун 4,36 миллиард рубль сарфлаган.
2019 йилдаги капитализация қиймати: 5,5 триллион рубль.
2019 йилда «Сбербанк»даги менежерларга тўланадиган ҳақ деярли 800 миллион рублга ошди. «Сбербанк» бошқаруви аъзоларининг иш ҳақи қисман банкнинг натижалари ва ушбу натижага эришиш учун ҳар бир бошқарув аъзосининг шахсий ҳиссасига боғлиқ. 2015 йилдан бери банк асосий менежерларини узоқ муддатли рағбатлантириш дастури ишлаб келмоқда. Дастурга кўра, менежерлар банк акциялари қиймати ошишига қараб нақд пул тўлаш йўли билан рағбатлантирилади. «Сбербанк» кузатув кенгашининг аъзоси йил давомида йиғилишларнинг камида ярмида қатнашган бўлса, у албатта мукофот пулларини олади.

Forbes рўйхатида шунингдек, Роснефть, ТМК, Транснефть, Мостотрест, Аэрофлот, Магнит, М.Видео-Эльдорадо, Газпром нефть, Газпром, Группа ПИК, ЧТПЗ, Лукойл, МТС, Полюс, Руснефть, Группа ЛСР, Интер РАО, Русгидро, Россети, Татнефть компаниялари ўрин олган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)