22:17 / 21.07.2020
2 366

Украинада қуролланган эркак йўловчилари бўлган автобусни гаровга олди (видео)

Украинада қуролланган эркак йўловчилари бўлган автобусни гаровга олди (видео)
Фото: Reuters
Украина ғарбидаги Луцк шаҳрида номаълум эркак автобусни йўловчилари билан гаровга олди. Ҳодиса жойида ўқ овозлари эшитилган. Полиция томонидан маълум қилинишича, жиноятчида қурол ва портловчи қурилма мавжуд. Берестечко — Красиловка йўналишида ҳаракатланган автобус салонида, тахминан, 20 киши бор, ҳозирча жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. Автобусни гаровга олган шахснинг айтишича, шаҳарда портловчи қурилма ўрнатилган яна битта автомобиль мавжуд, бироқ бу маълумот ҳали тасдиқланмаган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Жиноятчи ўзини Максим Плохой деб таништирган, ўз ҳаракатларига сабаб сифатида у расмийлар билан келиша олмаганини айтган. У ўзининг Telegram’даги каналида «Давлат биринчи террорчи», деб ёзган ҳамда ўқувчиларини «Тизимга қарши кун» билан табриклаган. У судлар, вазирликлар, прокуратура, парламент, черковлар вакиллари, шунингдек, Украина олигархларидан YouTube’га ўзларининг «қонундаги террорчилар» эканлиги ҳақида роликлар жойлашини талаб қилган. Шунингдек, у мазкур талабни мурожаат кўринишида YouTube’га жойлаштирган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳужум қилган кишининг шахсини аниқлаган. У 1975 йилда туғилган оренбурглик Максим Кривош бўлиб чиққан. Полициянинг маълум қилишича, эркак оғир жиноятлар учун икки марта судланган. У 2014 йилда 400 нусхада «Жиноятчи фалсафаси» номли китоб чиқарган. Китобда Максим Кривош ўз таржимаи ҳолидан баъзи маълумотларни ошкор қилган, хусусан , у зиёлилар оиласида ўсганини, бироқ болалигида жангари фильмларни кўп кўргани ва «катта одам бўлишга қарор қилганини» маълум қилган. Шунингдек, у жиноий гуруҳ тузгани ва бошқаргани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳодиса жойига автобусни эгаллаш ва жиноятчини зарарсизлантиришга тайёр бўлган махсус бўлинма юборилган. Шунингдек, Луцкка Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков ҳам етиб борган.

Арсен Аваков ҳодиса юзасидан маълумот берган. Вазирнинг маълум қилишича, жиноятчи билан алоқа ўрнатилган, у билан мулоқот олиб борилмоқда. Унинг сўзларига кўра, гаровдаги одамлар нормал ҳолатда. Вазиятни яқин вақт ичида ҳал қилишга умид билдирилмоқда.

Вазир журналистлардан мазкур вазият билан боғлиқ хабарлар бўйича максимал даражада эҳтиёт бўлишни сўраган. Хусусан, Аваков Кривошнинг руҳий касалликлар шифохонасида даволангани ҳақидаги маълумотни инкор қилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, тегишли хизматлар террорчининг рафиқаси ва қариндошлари билан боғланган. Вазиятни тинч йўл билан ечишга ҳаракат қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада қуролланган эркак йўловчилари бўлган автобусни гаровга олди (видео)