Туркияда машҳур актрисалар гиёҳвандлик иши бўйича ушланди

Туркияда машҳур актрисалар гиёҳвандлик иши бўйича ушланди

Туркияда шоу-бизнес вакиллари иштирокидаги гиёҳвандликка оид тергов доирасида кенг кўламли операция ўтказилди. Бакиркўй прокуратураси бошчилигидаги суриштирувда таниқли актёрлар, хонандалар, спортчилар ва ижтимоий тармоқ фаолларига нисбатан процессуал чоралар кўрилмоқда.

18 сентябрь куни Истанбул жандармерияси томонидан ўтказилган операция давомида бир қатор машҳурлар ушлангани хабар қилинди. Улар орасида Афра Сарачўғлу, Мелис Сезен, Мелиса Шенолсун, Ҳазал Филиз Кучуккёсе ва Нилпери Шаҳинкая каби актёр ва актрисалар ҳам бор.

Шунингдек, тергов доирасида рэпер Сефо, собиқ футболчи Ҳасан Шаш, журналист Яғиз Сабунжуўғли ва бошқа таниқли шахсларнинг ҳам номи қайд этилган. Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчиларнинг манзилларида тинтув ўтказилиб, улардан биологик намуналар олиниши белгиланган.

Прокуратура маълумотида тергов гиёҳвандлик воситаларидан фойдаланиш, бундай воситалардан фойдаланишни осонлаштириш ёки бунинг учун жой ажратиш бўйича гумонлар билан боғлиқ экани айтилган. Гумонланувчиларнинг терговга жалб қилиниши уларнинг айби суд томонидан исботланганини англатмайди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Машҳур актёр ва актрисаларнинг кейинги тақдири биологик текширувлар ҳамда прокуратурадаги жараёнлардан сўнг маълум бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар