10:25 / 25.08.2020
4 186

ЖССТ раҳбари коронавирус қачон буткул таслим бўлишини айтди

ЖССТ раҳбари коронавирус қачон буткул таслим бўлишини айтди
Коронавирус инфекциясининг ўлим муддати эълон қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесусга кўра, глобал эпидемия икки йилдан кейин ёки ундан барвақтроқ тугаши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

«Биз уни тўхтатиш учун етарли билим ва технологияга суянамиз», – деган ЖССТ раҳбари.
Қайд этилишича, инсоният тарихидаги энг йирик кулфатлардан бири – 1918 йилда бошланган ва миллионлаб оилаларнинг ёстиғини қуритган испан гриппини енгиш учун 2 йил кетган эди. СOVID-19ни эса бундан камроқ муддатда таслим қилиш имкони мавжуд.

ЖССТ раҳбари, анъанага кўра, бутун дунё инфекцияга қарши бир муштга дўниб ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлаган.

Аммо барча мутахассислар ҳам Тедрос Адҳаном Гебреесус билан ҳамфикр деб бўлмайди. Масалан, Буюк Британия ҳукумати қошидаги фавқулодда вазиятлар бўйича илмий кенгаш аъзоси Марк Уолпорт касаллик у ёки бу шаклда инсониятга абадий ҳамроҳ бўлиши, унга қарши даврий эмлаш орқалигина курашилишини қайд этган.

Айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида таълим масканлари, хусусан, мактаблар очилмоқда. Аммо илк ўқув кунлариданоқ инфекция тарқалиши кузатилмоқда. Шу важдан аксар давлатлар таълим масканларини очишга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқда. Боз устига, дунёнинг турли минтақаларида ҳам антирекордлар қайд этилмоқда. Масалан, дастлабки босқичдаёқ инфекцияни енггани эътироф этилган Жанубий Кореяга коронавирус яна қайтди. Масалан, 23 август куни мамлакатда 397 та янги ҳолат рўйхатга олинди. Бу эса пандемия давридаги энг ёмон кўрсаткичдир.

Европада ҳам вазият хотиржам бўлишга ҳали эрта эканини кўрсатмоқда. Польша, Словакия, Испания, Францийада янги-янги касаллик ҳолатлари аниқланмоқда.

Аҳоли сони бўйича дунёнинг иккинчи давлати саналган Ҳиндистон дунё бўйича вируснинг янги ўчоғига айланиши мумкин. Ҳозиргача ҳинд ўлкасида 3 миллион кишида инфекция аниқланган, аҳвол шу тахлит давом этса, мамлакат АҚШ ва Бразилияни ҳам ортда қолдириши ҳеч гап эмас.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ раҳбари коронавирус қачон буткул таслим бўлишини айтди