23:34 / 17.10.2020
2 224

Ўзбек қовунлари Европадаги энг катта «оптом» бозорда сотилмоқда

Ўзбек қовунлари Европадаги энг катта «оптом» бозорда сотилмоқда
Британия бозорларида ўзбек қовунлари сотилмоқда. Жами 13 гектар майдонда жойлашган ва нафақат Британия, балки бутун Европада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг йирик улгуржи бозори бўлган «New Spitalfields Market» бозорига 20 тонна Ўзбекистонда етиштирилган «торпедо» навли қовун етказиб берилди.

Сўнгги йилларда Европа қитъасидаги турли давлатларда, жумладан Буюк Британияда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. «Jahon Exim LLC» ва британиялик тадбиркорлар ўртасида тузилган шартнома асосида ўзбек қовунининг Буюк Британия бозорига етказиб берила бошланиши бунга мисол бўла олади.

«Ўзбекистонда етиштирилган қовунларни биринчи марта Буюк Британияга етказиб бериш бошланди. Ўз таъми ва сифати билан машҳур бўлган ўзбек қовунлари британиялик истеъмолчилар томонидан яхши баҳо олади деган умиддамиз. Компаниямиз Британияга етказиб берилаётган маҳсулотлар турини ошириш учун ҳаракат қилмоқда. Жумладан, органик ва қуритилган, шунингдек музлатилган мева ва сабзавотлар экспортини кенгайтиришни режалаштирмоқда», дейди «Jahon Exim Group» компанияси директори Жаҳонгир Ғиёсов.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмаги билан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Британия бозорига экспорт қилиш ҳажмини ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, элчихона ёрдамида Британиянинг атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги (DEFRA) ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини инспекцияси (Ўздавкарантин) ўртасида музокаралар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг август ойида бўлиб ўтган навбатдаги музокаралардан сўнг, Британия томони Ўзбекистон Англияни анор, гилос, олхўри, нектарин, ўрик, хурмо, олма, нок, узум, лимон, аччиқ қалампир ва помидор каби маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятлари мавжудлигини билдирди ва шу тариқа бу мамлакатга маҳсулотлар экспорти бошланди.

Жорий йил сентябрь ойида Лондоннинг «Western International Market» улгуржи бозорида Ўзбекистонда тайёрланган қуритилган меваларнинг биринчи партияси Самарқанд вилоятидаги «Garden Cells» корхонаси ва Британиянинг «Vita Plus Ltd» компанияси ўртасида имзоланган шартнома доирасида сотилган эди.

Маълумот ўрнида: дунё бўйлаб энг кўп етиштириладиган полиз маҳсулотларидан бири қовун ҳисобланади. 2018 йилда дунёнинг турли мамлакатларида 1,2 миллион гектар ерда турли навдаги қовунлар етиштирилган ва ўртача ҳосил гектарига 27 тоннани ташкил этган. Ўша йили дунё бўйлаб етиштирилган қовун савдосининг умумий айланмаси 27,4 миллиард долларни ташкил этган. Бундан 1,9 миллиард долларлик, яъни 2,3 миллион тонна қовун экспорт қилинган. Қолган ҳосил қовун етиштирган мамлакатларнинг ички бозорида сотилган.

Дунёда қовун етиштирувчи давлатлар орасида Хитой етакчи ҳисобланади. Бу давлатда 2018 йил 17 миллион тонна қовун етиштирилган. 2-ўринда Туркия (1,8 миллион тонна), 3-ўринда Эрон (1,6 миллион тонна) қовун етиштирган.

Данияда Ўзбекистон қовунларининг бир килоси 2 евродан сотилмоқда


Ўзбекистон Хитойга қовун экспорт қила бошлайди


Миришкор тумани деҳқонлари Россияга қовун экспорт қилишмоқда
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)