08:44 / 03.11.2020
1 425

Нигерияда сирли дард 15 нафар йигит-қизнинг умрига зомин бўлди

Нигерияда сирли дард 15 нафар йигит-қизнинг умрига зомин бўлди
Фото: «Korrespondent.net»
Нигерия жанубидаги Дельта штатида камида 15 киши номаълум касаллик қурбонига айланди, дея хабар берди маҳаллий «Vanguard» нашри.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар 18 — 25 ёшлардаги йигит-қизлардир. Штат маъмурияти аҳолига касаллик тарқалишининг олдини олиш учун барча имкониятларини ишга солишига ваъда берди.

«Дельта штати раҳбарияти Уте Окпу ва Идумеса жамоаларида сирли ўлим ҳолати ҳақида маълумот олган. Бу губернатор, сенатор Ифеани Оковани штат соғлиқни сақлаш вазирлигига зудлик билан ушбу ўлим ҳолатини ўрганишга, уларнинг сабабини аниқлашга ва тегишли чора кўришга кўрсатма беришга ундади», — дейди штат соғлиқни сақлаш масалалари бўйича масъул вакили Морди Ононье.

Нашрнинг ёзишича, эпидемиологлар шифохонани ўрганишди, ҳалок бўлганларнинг оиласи билан учрашишди, тадқиқот учун керакли намуналарни тўплашди. Эпидемиологлар одамларнинг ўлимига сабаб бўлган омиллардан бири сифатида геморрагик иситмадан гумон қилишмоқда.

Геморрагик иситма — вирусли касаллик бўлиб, иситма, геморрагик синдром (қон қуйилиши, қон кетиши) билан ифоаланади. Инфекцияларнинг мазкур типига денге, Эбола, Ласса безгаклари хос.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)