22:38 / 10.11.2020
2 420

Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги урушни тугатишга нега рози бўлганини айтди

Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги урушни тугатишга нега рози бўлганини айтди
Фото: EPA
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арманистон ҳарбийларининг такрорий сўровларидан сўнг Озарбайжон расмийлари билан Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тугатиш тўғрисида келишув тузганини айтди. Meduza’нинг ёзишича, бу ҳақда у ўзининг Facebook’ида онлайн намойиш этилган мурожаатида маълум қилган.

«Армия бундай қадам кераклиги тўғрисида узоқ вақт таъкидлаганидан сўнг шундай қарор қабул қилдим. Армия тўхтатиш кераклиги, ҳал қилиш учун ҳеч қандай истиқболлар кўринмаётган ёки уларни ҳал этиш учун ресурслар тугаган айрим муаммолар борлигини айтганди», — дея унинг сўзларида иқтибос келтирган «Интерфакс».

Никол Пашинян қабул қилинган келишув Арманистон учун фойдали эмаслиги, лекин Ереван уни имзоламаганида бу мамлакатнинг жанговар қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
«Биз шундай вазиятга тушиб қолгандикки, шартномани имзолашга бошқа муқобил вариант йўқ эди», — деган Пашинян.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон, Озарбайжон ва Россия етакчилари 9 ноябрь куни кечқурун Қорабоғда жангларни тўхтатиш ҳақида уч томонлама шартнома имзолади. Сулҳ шартлари Келбажар, Агдам, Лочин туманлари ва Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар Озарбайжон назорати остига берилишини назарда тутади. Эни 5 километр келадиган Лочин коридори Арманистон ихтиёрида қолиб, у Тоғли Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқани таъминлаб туради.

Арманистон президенти Армен Саркисян Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш бўйича имзоланган битимни у билан муҳокама қилишмаганини ва музокараларда қатнашмаганини билдирган.

Пашинян Тоғли Қорабоғдаги урушни тўхтатиш бўйича Озарбайжон билан келишиб олганини эълон қилганидан сўнг, Ереван кўчаларида норозилик намойишлари бошланган. Намойишчилар Арманистон ҳукумати биносига ҳам бостириб кирган. Улар Пашиняннинг компьютер, соат ва атирларини ўғирлаб кетган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)