10:13 / 01.12.2020
1 929

Африкага COVID-19дан даҳшатлироқ касаллик хавф солмоқда

Африкага COVID-19дан даҳшатлироқ касаллик хавф солмоқда
Фото: «AP Photo / LM Otero»
Африкада коронавирус инфекциясига қараганда безгак касаллигидан кўпроқ одамлар вафот этишади, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Африка бўйича ҳудудий директори Матшидисо Моэти.

«Telegraph» нашрининг маълумотларига кўра, ҳар йили бутун дунё бўйича тахминан 400 минг киши безгак туфайли ҳаётдан кўз юмади. Улардан 90%дан кўпини Африка аҳолиси ташкил этади.

Таққослаш учун: коронавирус инфекциясидан йил бошидан бери Африкада қарийб 50 минг киши оламдан ўтди.

Безгак ҳақида янги маърузасини тақдим этар экан Моэти пандемия бунга қўшимча равишда яна 20-100 минг кишининг безгакдан ўлишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ушбу минтақада безгакка қараганда COVID-19дан анча кам одам вафот этди. Хўш, унда нега коронавирус ва Эбола катта ташвиш туғдиради-ю, ҳар йили юз минглаб болаларнинг ёстиғини қуритаётган безгак эса йўқ?» — деди Моэти.

Маърузага кўра, сўнгги 20 йил ичида безгакка қарши кураш борасида ютуқларга эришилган: 1,5 миллиард юқтириш ва 7,6 миллион ўлим ҳолати бартараф этилди. Бироқ экспертлар коронавирус пандемияси Африкада безгакка қарши курашда эришилган барча ютуқларни орқага қайтариши мумкинлигидан хавотирда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)