22:33 / 13.01.2021
2 460

Мутахассислар болалардаги COVID-19 «британча» штаммининг 5 та аломатини маълум қилди

Мутахассислар болалардаги COVID-19 «британча» штаммининг 5 та аломатини маълум қилди
Фото: «РИА Новости»
Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми хавфлироқ бўлиб, болаларда бир қатор ўзига хос симптомлар билан кечади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари маълум қилди, деб хабар беради «РБК» Express’га таяниб.

Нашрнинг қайд этишича, касалланган болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади. Уларнинг айримлари одамови бўлиб қолади. Касалланган чақалоқларда эса истерия ва йиғлаш ҳолатлари ортиши кузатилади.

Касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоиз) бош оғриғидан шикоят қилган. Шунингдек, қорин бўшлиғида ҳам оғриқ ҳис қилиши мумкин. Шу сабабли шифокорлар ота-оналарга фарзандларида бош оғриғи билан бир қаторда қорин бўшлиғида ҳам ноқулайлик юзага келмаётганини сўраб туришни тавсия қилади.

Яна бир аломат — тана ҳароратининг 37 даражадан юқори бўлиши. Бундай ҳолат коронавируснинг «британча» штаммига чалинган беморларнинг деярли ярмида кузатилган. Бундан ташқари, томоқ оғриғи ҳам болаларда инфекция борлигидан далолат бериши мумкин.

Бундан ташқари, беморларнинг тахминан 35 фоизи иштаҳанинг йўқолишидан азият чекади. Мутахассисларнинг айтишича, бир ёшгача бўлган чақалоқлар бундай ҳолатга кўпроқ дуч келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ҳукумати коронавируснинг юқумлироқ тури аниқланганини декабрь ойи ўрталарида маълум қилганди. Кейинчалик SARS-CoV-2’нинг ушбу варианти бошқа бир қатор давлатларда, жумладан, АҚШ, Хитой, Канада, Туркия, Россия, Грузия, Дания, Германия, Швейцария, Франция, Греция, Словакия, Япония, Бразилия, Жанубий Корея, БАА, Иордания Таиланд, Вьетнам ва Кипрда аниқланди. ЖССТ маълумотларига кўра, вируснинг ушбу тури дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларида аниқланган.

Ўзбекистонда коронавируснинг «британча» штамми билан касалланган бемор йўқлиги маълум қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мутахассислар болалардаги COVID-19 «британча» штаммининг 5 та аломатини маълум қилди