23:50 / 02.04.2021
1 834

АҚШ Ўзбекистон ёшлари учун таълим дастурларини кенгайтиради

АҚШ Ўзбекистон ёшлари учун таълим дастурларини кенгайтиради
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги ваколатхонаси хабарига кўра, Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат департаментининг таълим ва маданият ишлари бўйича бюроси раҳбари Мэтью Луссенхоп билан музокара ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон — Америка маданий-гуманитар ҳамкорлигини кенгайтиришнинг долзарб масалалари, шу жумладан, мамлакатимиз иқтидорли ёшлари учун академик дастурларни кўпайтириш, америкалик мутахассисларни таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларга жалб қилиш ва Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мэтью Луссенхоп республикамиз учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодга мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган барча босқичларда сифатли билим бериш йўналишларида устувор бўлган вазифаларга катта қизиқиш билдирди.

Музокараларда икки мамлакат академик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ривожлантириш, «Эл-юрт умиди» жамғармасини АҚШда таълим дастурлари ва стажировкаларни ташкил этишга жалб қилиш, шунингдек, ушбу йўналишда Америка томонининг грант ёрдамини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

М.Луссенхоп, ўз навбатида, у раҳбарлик қилаётган бюронинг ҳамкорликдан манфаатдорлигини тасдиқлаб, Давлат департаменти бундан кейин ҳам мамлакатимизда тегишли дастурларни амалга ошириш учун фаол равишда ресурс ва грантлар ажратиш ниятида эканини таъкидлади.

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси вакили Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, нодавлат мактаб ва университетлар сони кўпаяётганини олқишлади. У мамлакат бўйлаб инглиз тили таълим дастурларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ёш ўзбекистонликлар учун замонавий ва илғор билим олишда самарали восита бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Дипломат элчихонанинг мамлакатимизда АҚШ таълим лойиҳалари ҳақида кенг тарғибот ишлари олиб бориш таклифини қўллаб-қувватлади. «American Corners» консалтинг марказлари Ўзбекистонда имкониятларини кенгайтириши, шунингдек, «EducationUSA» дастури тарғиб қилиниши айтилди.

«EducationUSA» АҚШ давлат департаментининг тармоғи бўлиб, унга 175 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудда жойлашган 430 дан зиёд маслаҳат маркази киради. АҚШ ҳукуматининг ушбу мамлакат олий таълим тизими ҳақидаги расмий манбаси ҳисобланган «EducationUSA» тармоғи бутун дунё бўйлаб ёшларга АҚШнинг аккредитациядан ўтган олий ўқув юртларида ўқиш имкониятлари тўғрисида аниқ, тўлиқ ва долзарб маълумотларни тақдим этади.

2020 йил ҳолатига кўра, АҚШ олий ўқув юртларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари 546 кишини ташкил этди. Мамлакатимиз вакилларининг 50 фоиздан ортиғи бакалавр, 31,5 фоизи магистратура ва докторантура, 11,5 фоизи малака ошириш, 6,4 фоизи дипломсиз таълим курсларига тўғри келди. Ўзбекистонликлар, асосан, Нью-Йорк, Флорида, Калифорния, Миссури ва Массачусетс штатларидаги таълим муассасаларида ўқишади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Ўзбекистон ёшлари учун таълим дастурларини кенгайтиради