10:00 / 05.04.2021
2 242

Европани ювинишга ўргатган араблар

Европани ювинишга ўргатган араблар
Ҳозирги замонда сумкачасида атир бўлмаган аёлнинг ўзи йўқ. Машҳур Chanel атирларининг нархи осмонда. Аммо дастлаб европалик бойлар танадаги ёқимсиз ҳидни йўқотиш учунгина атирдан фойдаланишган деса, ишонасизми? Ҳатто XIX асрнинг иккинчи ярмигача Европа халқи совун нима эканлигини ҳам билмас эди.

Ҳаммомни ҳаётида фақат икки марта: туғилиш пайтида ва тўй кечаси олдидан кўрган европалик маликаларни тасаввур қилинг-а... Бу ўйлаб топилган нарса эмас: Испания қироличаси Кастилия Изабелла худди шундай яшаган.

Ички кийимларини йиллар давомида алмаштирмаган аёллар ҳам бўлган. Ўрта асрларда Европа том маънода ифлосликка ботган эди. Бит-каналар, танадаги яра-чақалар ва ифлосликлардан келиб чиқувчи касалликлар Европа аҳолисининг доимий ҳамроҳи эди.

Ўша пайтда Европада канализация тизимлари бўлмаган, шунинг учун катта шаҳарларнинг аҳолиси ҳожатхона ахлатини ҳам деразадан тўкиб қўя қолган. Ўша пайтларда пиёдалар кўчаларда жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишлари керак эди, чунки исталган дақиқада кимнингдир деразасидан йўловчининг бошига тўкилиши мумкин эди. Қирралари, соябони кенг бўлган шляпалар ихтиро қилиниши ҳам бекорга бўлмаган. Гигиенага бепарволик Европага жуда қимматга тушган. XIV асрда французларнинг учдан бир қисми ўлатдан қирилиб кетган бўлса, Англия ва Италия эса аҳолисининг ярмигача йўқотишган.

Тозалик қоидаларига риоя қилмасликнинг сабабларидан бири, аҳолининг аксарият қисми учун совун қимматлик қилар эди. Аммо совуннинг йўқлиги ягона сабаб эмас эди. Сув танқислиги, аниқроғи, Европада иссиқ сув билан таъминланган биноларнинг бўлмаганида эди.

Шунингдек, гигиена талабларига риоя қилмасликка ҳукмдорларнинг диний қарашлари ҳам таъсир қилган. Масалан, Испания қироли Филипп II тананинг бир қисмини очиш ахлоқсизлик деб ҳисоблангани сабабли, ўз мамлакатида чўмилишни тақиқлаган.

Худди ўша пайтда араб дунёсида поклик ва гигиенани сақлаш ҳаётнинг асосий белгиси бўлган. Ҳар бир мусулмоннинг уйида доим таҳорат учун тоза сув бўлган ва ишлатилган сув оқова қувурига қуйилган. Араблар бу борада кўпроқ билимга эга эдилар. Шунингдек, араблар ҳаммомга боришни жуда яхши кўришарди. Ҳаммомдан сўнг одатда, кийим ва ички кийимлар, албатта, тозасига алмаштирилган.

Испанияда, Шимолий Африкада яшаган араблардан европаликлар гигиена, тозалик ва ташқи қиёфага эътибор беришни ўрганиб олган. Шундай тариқа европаликлар араблар ва ислом дунёси туфайли ювиниш улар ўйлагандек гуноҳ ёки соғликка зарар эмас, аксинча фойда эканини билиб олишган.

Аммо ҳозир кўпчилик бу ҳақиқатни билмайди ва Ғарбнинг тарихий мавзуда олинган фильмларидаги ичига гул япроғи солинган ванналар ҳар доим ҳам шундай бўлган, деб ўйлашади. Тарихчиларнинг ҳам кўпчилиги “ифлос, кирли Европа” ҳақида гапирмасликни маъқул кўришади.

Ёқуб Умар тайёрлади


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Дунё » Европани ювинишга ўргатган араблар