15:31 / 19.05.2021
2 622

Ҳиндистонда тарқалган касаллик биз учун қай даражада хавфли? Врач изоҳи


Ҳиндистонда кузатилаётган коронавирус инфекцияси мукормикоз билан бирга кечиши ўлим ҳолатининг кўпайишига сабаб бўлаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Бу биз учун қанчалик ҳавфли?
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева ушбу саволга жавоб берди:
— Ҳа, афсуски, бугунги кунда дунё бўйича касаллик аниқланаётганларнинг 53 фоизи Ҳиндистон аҳолисига тўғри келаётгани ЖССТ томонидан эътироф этилмоқда. Мукормикоз ҳам ҳиндистонлик коронавирусга чалинганлар орасида аниқланаётгани ва ўлим ҳолатини кучайтираётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Мукормикоз – бу замбуруғлар туркумига мансуб инфекцион омил бўлиб, у иссиқ ўлкаларда кўп учрайди. Инсон организмида касаллик учрашига сабаб иммунитетнинг пасайишидир, яъни коронавирус инфекцияси ҳам инсон иммунитетининг пасайишига кучли таъсир қилмоқда. Шу боис, коронавирус билан касалланганларда ҳам мукормикоз кузатилиш ҳолатлари учраб турмоқда.

Олимларнинг фикрига кўра, иккинчи омил антибиотикларни узоқ муддат ёки ноўрин қабул қилиниши иммунитет пасайишига таъсир қилади ва бу ўз ўрнида мукормикоз ривожланишини келтириб чиқариши мумкин.

Инсон организмида мукормикоз, асосан, бурун, томоқ ва ҳалқумда кўпроқ жойлашиши маълум. Шу боис, аҳолимиздан доимий равишда карантин қоидаларига риоя қилишларини талаб қиламиз. Шу билан бирга вакцинация касалликдан ҳимояловчи ишончли омил эканини яна бир бор таъкидлаймиз.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда аниқланган ушбу янги касаллик Россия ҳам етиб келгани айтилганди. 
Ҳиндистонда эса 18 май кунининг ўзида 267 мингдан ошиқ киши коронавирус билан касалланди, 4525 киши эса вафот этди. 
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг