10:48 / 13.07.2021
3 452

ОАВ: Туркманистон «Толибон» билан яширинча музокаралар ўтказган


«Толибон» вакилларининг Туркманистонга февраль ойидаги ташрифидан лавҳа
Фото: «mfa.gov.tm»

«Толибон» ҳаракатининг делегацияси Ашхободда бўлиб, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида музокаралар ўтказган. Туркманистоннинг таклифига биноан амалга оширилган ташриф тўғрисида Ашхобод бирорта расмий хабар бермади. Аммо Ашхободдаги музокаралар ҳақидаги маълумотни «Толибон»нинг Қатардаги вакили Муҳаммад Наим тасдиқлади, деб ёзмоқда Asia-Plus.

«Толибон»нинг Қатардаги сиёсий идораси расмий вакили Муҳаммад Наим «Азатлик» мухбири билан телефон орқали суҳбатда ҳаракат делегациясининг Ашхободга ташрифини тасдиқлади.

«Ашхободга ‘Толибон’ делегацияси расмий равишда ташриф буюрди. Делегация ва Туркманистон расмийлари Туркманистон ташқи ишлар вазирлигида музокаралар ўтказди. Икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ва сиёсий алоқалар, хавфсизлик ва чегара масалалари муҳокама қилинди. Ҳаракат вакилларини Туркманистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари кутиб олди», — деди «Толибон» расмийси.

У делегацияга ким раҳбарлик қилгани ва Туркманистон томонидан айнан ким музокаралар олиб борганига аниқлик киритмади. Аммо «Азатлик»нинг Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбалари хабар беришича, 10 июль куни «Толибон»нинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай Ашхободга ташриф буюрган. Манбалардан бири даъво қилишича, делегация билан Туркманистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вепа Хаджиев учрашган.

«Азатлик» манбалари 10 июль куни ҳаракат вакилларининг Ашхободга ташрифи ҳақида хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, Туркманистон томони «Толибон» вакилларидан Ашхободга ташрифи ҳақида овоза қилмасликни сўраган.

«Туркманистон ҳукумати ‘Толибон’ вакилларининг ташрифи ҳақидаги маълумотларни яширмоқда. Бундан ташқари, унинг таклифи билан амалга оширилган ташриф чоғида Туркманистон томони «Толибон»дан Ашхободдаги музокараларни сир тутишни илтимос қилган.
Туркманистон Кобулдаги расмийларни ғазаблантиришни истамаган. Музокараларда асосий эътибор тажовуз қилмаслик ва эҳтимолий қочқинлар оқимини тўсишга қаратилган », — деди «Азатлик» манбаси.

11 июль куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Афғонистон чегарасидаги вазият юзасидан баёнот берган эди. Баёнотда ТИВ туркман-афғон чегарасига оғир ҳарбий техникалар жойлаштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, ТИВ Россия оммавий ахборот воситаларини нотўғри ахборот тарқатишда айблади.

ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, сўнгги кунларда бир қатор Россия ОАВлари «туркман-афғон чегарасидаги вазиятга оид текширилмаган ва очиқдан очиқ нохолис хабарларни» тарқатмоқда.

Баёнотда Ашхободдаги «Толибон» билан музокаралар, шунингдек Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари ва «Толибон» жангариларининг Туркманистон билан чегарадош ҳудудлардаги тўқнашувлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февраль ойида «Толибон» делегацияси Туркманистон ҳукуматининг таклифига биноан Ашхободга ташриф буюрган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ОАВ: Туркманистон «Толибон» билан яширинча музокаралар ўтказган