13:30 / 11.08.2021
2 976

Сергей Шойгу: «Толибон» Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларини назорат қилмоқда


Фото: «Коммерсантъ»
«Толибон» Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларини назоратга олган. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» чегарани кесиб ўтмасликка ва қўшни ҳудудларга ҳужум қилмасликка ваъда берган. Шунга қарамай, Россия қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказишда давом этади.

«Биз учун аҳамиятлиси Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегара, у ҳам «Толибон» назорати остига олинган», — деди Шойгу. У «Толибон» аввалги куни Қундузни – «жуда катта ва муҳим марказни» босиб олганини эслатиб ўтди.
«Толибон’ етакчиларининг айтишича, биз чегарани бузиш, қўшни ҳудудларга ҳужум қилиш бўйича ҳеч қандай бузғунчи уринишларга дуч келмаймиз», — деди Шойгу.

Мудофаа вазирининг айтишича, «тўғридан-тўғри тажовуз қилинган тақдирда» Россия КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) чегараларини ҳимоя қилиш учун Тожикистон ва Қирғизистондаги базалардан фойдаланади. Унинг фикрича, КХШТ мамлакатлари Афғонистон йўналишида Россиянинг ёрдамига муҳтож. Бу ҳолда гап Россиянинг ҳарбий хавфсизлиги ҳақида кетмоқда.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон офицерларининг аксарияти Россия олий ўқув юртларида тайёрланмоқда. «Биз, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон армиясини модернизация қилиш билан шуғулланяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Мудофаа вазирлиги раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистоннинг эҳтимолий провокацияларни қайтаришга тайёр туриши Россия учун муҳим эканини таъкидлади.
«Илгари ҳам Афғонистондан келадиган таҳдидлар — гиёҳванд моддалар савдоси, террорчилар Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон орқали мамлакатимизга кириб борарди, бу ҳолат камайгани йўқ. Шунинг учун ҳамкасбларимиз, иттифоқчиларимиз, КХШТ бўйича ҳамкорларимиз бунга тайёр бўлиши биз учун ўта муҳим. Бунинг учун табиий равишда биз ҳамма нарсани қиламиз»,— деди Шойгу.

Сергей Шойгу Россия Ўзбекистон билан алоҳида машғулотлар ўтказганини, шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистон билан «учлик» машғулотлар олиб борганини эслатиб ўтди.
«Биз бу шароитларга қанчалик тайёр эканлигимизни текширдик. Бу шароитда қандай ва нимани қўллаш мумкинлигини кўриб чиқдик. Албатта, заиф томонларимизни кўриб чиқдик», — деди Шойгу.

Тожикистоннинг Афғонистон чегарасидан 20 километр узоқликда жойлашган «Харб Майдон» полигонида Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг 2,5 минг ҳарбий хизматчиси иштирокидаги қўшма машғулотлар 5 август куни бошланиб, 10 август куни якунланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сергей Шойгу: «Толибон» Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларини назорат қилмоқда