02:35 / 15.08.2021
9 462

ОАВ: Мозори-Шарифдан қочган маршал Дўстум вертолётда Ўзбекистонга ўтган бўлиши мумкин

ОАВ: Мозори-Шарифдан қочган маршал Дўстум вертолётда Ўзбекистонга ўтган бўлиши мумкин
Маршал Абдурашид Дўстум (чапда) ва Ато Нур Муҳаммад, 2021 йил 11 август куни Балх вилоятида бўлиб ўтган учрашувдан лавҳа.
Фото: Twitter / @atamohammadnoor

Афғонистондаги ўзбеклар етакчиси сифатида кўриладиган маршал Абдурашид Дўстум ва мамлакатдаги тожик миллатига мансуб аҳоли етакчиси, Балх вилоятининг собиқ губернатори Ато Муҳаммад Нур ҳозирги вақтда «хавфсиз жойда» бўлиб турибди. Бу ҳақда Ато Муҳаммад Нур ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар қолдирган.

Афғонистон ҳукуматининг мамлакат шимолидаги сўнгги таянчи ҳисобланган Мозори-Шариф шаҳри 14 август оқшомида «Толибон» ҳаракати томонидан деярли жангсиз эгалланган. Толиблар шаҳар остонасидаги фронт чизиғини ёриб ўтгач, шаҳар бир соатга қолар-қолмас топширилгани айтилмоқда. Ҳукумат кучлари Ўзбекистон билан чегара томон қочган.

Термиз шаҳрини Афғонистон билан боғлаб турувчи «Дўстлик» кўприги айни вақтда «Толибон»дан қочган афғонистонлик ҳарбийлар ва оддий фуқаролар билан тўлгани айтилмоқда; таъкидланишича, улар чегаранинг Ўзбекистон тарафдан очилишини кутмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон шимолидаги энг йирик икки этник гуруҳ — ўзбеклар ва тожикларнинг етакчилари қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

«Биз кўрсатган қатъий қаршиликка қарамай, афсуски, бутун ҳокимият ва Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучларининг анжомлари катта ва манфур фитна сабабли ‘Толибон’ ихтиёрига ўтди. Улар маршал Дўстум ва мени қўлга тушириш учун фитна уюштиришди, аммо бунинг уддасидан чиқа олишмади. Маршал Дўстум, мен, Балх губернатори, Балх депутатлари, Балх кенгаши раиси ва бошқа бир қатор расмийлар ҳозирда хавфсиз жойда», — дея маълум қилган Ато Муҳаммад Нур.

Шу билан бирга, Афғонистоннинг ToloNews телеканали Балхдаги ҳарбий амалдор томонидан журналистларга юборилган аудиохабарга таяниб хабар беришича, Балх вилоятининг собиқ губернатори Ато Муҳаммад Нур ва маршал Абдурашид Дўстум вертолётда Ўзбекистонга учиб кетган. Маршалнинг Ўзбекистонга қочиб ўтгани ҳақида — хусусан, «Толибон» вакилларига асосланиб — бошқа манбалар ҳам ёзмоқда, аммо бу маълумотлар расман тасдиқланганича йўқ (шунингдек, ҳозирча тўлақонли рад этилмади ҳам).

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча Ҳайратон—Термиз кўпригидаги вазият юзасидан ҳам, маршал Дўстумнинг Ўзбекистонга қочиб ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бўйича изоҳ ё муносабат билдирганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон июнь ойида «Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобат олиб», қўшни мамлакат билан чегарани бир томонлама ёпган, Афғонистон фуқароларига туристик виза беришни тўхтатган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ОАВ: Мозори-Шарифдан қочган маршал Дўстум вертолётда Ўзбекистонга ўтган бўлиши мумкин