17:13 / 25.08.2021
1 706

Россия Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилади

Россия Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилади
Фото: AP Photo
Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат президенти Владимир Путиннинг кўрсатмасига биноан Афғонистондаги 500 дан ортиқ Россия, ОДКБ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) ва Украина фуқароларини эвакуация қилади. Бу ҳақда вазирликка таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу операцияни амалга оширишда ҳарбий транспорт авиациясининг тўртта самолётидан фойдаланилади.

«25 август куни Россия президенти Владимир Путиннинг мудофаа вазири Сергей Шойгуга берган кўрсатмасига биноан Афғонистон ҳудудидаги Россия, ОДКБга аъзо-давлатлар (Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) ва Украинанинг 500 дан ортиқ фуқароларини ҳарбий транспорт авиацияси самолётлари ёрдамида эвакуация қилиш ташкиллаштирилади», — дейилади хабарда.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси ҳисобланмайди. Ўтган вақт давомида Ўзбекистон ОДКБ таркибидан икки марта чиқиб кетган — дастлаб 1999 йил 2 апрелида (Грузия ва Озарбайжон билан бирга), кейин 2012 йил 28 июнида (ташкилотга 2006 йил августида қайта қўшилган). Ташқи ишлар вазирлигининг 2012 йил июнидаги баёнотида шартномадан чиқишнинг аниқ сабаб ва омиллари ташкилот котибиятига маълум қилингани айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2017 йили Ўзбекистон ОДКБга қайта аъзо бўлмаслигини маълум қилган эди. Ўшанда вазир Ўзбекистон ўзининг ҳеч қандай ҳарбий ёки сиёсий блокларга қўшилмаслик концепциясига содиқ қолишини таъкидлаган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россия Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилади
[/banner_pushhouse