07:30 / 15.09.2021
607

Исландияда атмосферани карбонат ангидрид газидан тозалайдиган завод ишга тушди

Исландияда атмосферани карбонат ангидрид газидан тозалайдиган завод ишга тушди
Исландиядаги Orca заводи. 2021 йил 7 сентябрь
Фото: Bloomberg

Исландияда атмосферадан карбонат ангидрид газини ажратиб олиб, уни ер остига ҳайдайдиган дунёдаги энг йирик завод ишга туширилди, деб ёзади Meduza. Технология тарафдорлари айтишича, CО₂ ни тутиб йўқ қилиш— иқлим ўзгаришини тўхтатишнинг энг самарали усулларидан бири. Уларнинг оппонентлари эса технологияга ҳаддан ортиқ эътибор бериш ҳавога ажралмаларни зудлик билан камайтириш бўйича ишлардан чалғитиши мумкин, деган фикрда.

8 сентябрь куни Рейкявикдан 30 километр масофада ҳавони карбонат ангидрид газидан тозалаш бўйича дунёдаги энг йирик завод ишга тушди. Orca деб ном олган корхона қурилиши 2020 йил охирида CО₂ ни тутиш ва сақлашга ихтисослашган Швейцариянинг Climeworks компанияси ва Исландиянинг Carbfix лойиҳаси томонидан бошланган.

Завод direct air capture (DAC) ёки карбонат ангидрид газини ҳаводан «тўғридан-тўғри тутиб олиш» технологияси бўйича ишлайди. Бу шуни билдирадики, карбонат ангидрид гази махсус қурилмалар ёрдамида бевосита атмосферадан ажратиб олинади, кейин эса турли усуллар ёрдамида сақланади ёки қайта ишланади. Масалан, синтетик ёнилғи ёки газланган ичимликларни яратишда фойдаланилади.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЕА) маълумотларига кўра, 2020 йил ҳолатига дунёда 15 та DAC-қурилмалар бўлиб, улар йилига жами 9 минг тонна карбонат ангидрид газини атмосферадан ажратиб олган. Orca эса, унинг яратувчилари сўзларига кўра, ҳар йили атмосферадан 4 минг тонна газни ажратиб олиб, шу тариқа атмосферани CО₂ дан тозалаш бўйича глобал қувватни 40 фоиздан кўпроққа оширади.

Бироқ ҳатто бу 13 минг тонна ҳам битта кўмир электр станцияси бир йилда ҳавога чиқарадиган ажралмаларнинг бор-йўғи 1 фоизини ташкил қилади, бутун дунё бўйича ҳавога ажралиб чиққан карбонат ангидрид гази ҳажми 2020 йилда 31,5 миллиард тоннага етган. Climeworks яратувчиларидан бири Ян Вурсбахер тан олишича, Orca’нинг қайта ишлаш ҳажми ХЕА томонидан 2021 йил учун прогноз қилинаётган 33 миллиард тонна ажралмалар олдида урвоқ ҳам бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, завод — у ишлаб чиққан технологиянинг ҳаётга татбиқ қилиниши мумкинлигини кўрсатиб беради.

Orca карбонат ангидрид газини атмосферадан бутунлай йўқотади
Исландия қурилмаси транспорт контейнерларини эслатадиган саккизта коллектордан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири 12 та вентилятор ҳамда CО₂ молекулаларини кимёвий боғлашга қодир сорбентли фильтрлар билан жиҳозланган.

Вентиляторлар ҳавони коллекторларга тортиб олади, сўнг ундан CО₂ ни ажратиб олиб, уни сув билан аралаштириб, минераллаштириш технологияси бўйича утилизация қилади. Ушбу технологияни Carbfix Исландияда 2012 йилдаёқ синаб кўрган эди. Ўшанда тадқиқотчилар дунёда катталиги бўйича учинчи ўринда турадиган геотермал электр станцияси — Хедлисхейдининг фаолияти натижасида ҳосил бўлган 175 тонна CО₂ ни ер остига ҳайдаганди. Сув билан аралаштирилган газ 500 метр чуқурликдаги базалт тоғ жинсларига ҳайдалган. Икки йилдан кейин CО₂ нинг 95 фоизи карбонат минералларга айланган.

Climeworks’да таъкидлашларича, минераллаштириш технологияси атмосферадан ажратиб олинган CО₂ ни хавфсиз тарзда ва бутунлай йўқ қилиш имконини беради.

Технологияга қарши бўлганлар унинг самарадорлигига шубҳа қилмоқда
Иқлим бўйича экспертларнинг кўпчилиги айтишича, яқин ўн йилликларда ҳаводан CО₂ ни йўқ қилиш углерод нейтраллиги калитига айланади. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (ИЎҲЕГ) ҳам ўзининг яқинда тақдим этилган маърузасида иссиқхона газлари ажралиб чиқадиган миқдордан кўра кўпроқ ажратиб олинсагина, Париж битими мақсадларига эришиш мумкин бўлишини қайд этди. Ўз навбатида, карбонат ангидрид газини ҳаводан тутиб олиш технологияси танқидчилари фикрича, у ўта кўп энергия сарф қилади, қурилмалар эса ўзлари қайта ишлаганидан кўпроқ CО₂ ажратиб чиқаради.

Climeworks вакили сўзларига кўра, Orca Хедлисхейди геотермал электр станциясининг янгиланувчи манбалари энергияси ҳисобига ишлайди. Бундай станцияларнинг ўзлари, АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси маълумотларига кўра, кам миқдорда CО₂ ажратиши мумкин, ажралмалар ҳажми қазилма ёнилғи ҳисобига ишлайдиган худди шундай катталикдаги электр станциялариникидан 99 фоизга камроқ. Бутун фаолияти даврида (қурилиш ва утилизацияни ҳам қўшганда) завод ажратиб чиқарадиган CО₂ ўзи қайта ишлайдиган карбонат ангидрид ҳажмининг 10 фоизидан камроғини ташкил қилади, дейди унинг эгалари.

Climeworks ҳам қайд этишича, DAC-қурилмалар исталган жойда ишлаши мумкин, аммо бу унчалик ҳам рост эмас. Халқаро энергетика агентлигида таъкидлашларича, завод учун жой танлашда схема углерод-манфий бўлиши учун энергия манбаси ва қиймати ҳисобга олиниши керак. Шу билан бирга, минераллаштириш технологиясига эга қурилмалар газ ҳайдаладиган базалт тоғ жинсларига эҳтиёж сезади.

Bloomberg ёзишича, заводлар учун ушбу шароитлар жам бўлган жойларни Исландиядан ташқарида топиш осон бўлмайди. Climeworks асосчиларидан бири Ян Вурсбахер қурилмалар учун мос келадиган бошқа жойлар сифатида Норвегия ва Уммонни тилга олди.

Қурилмалар учун яна бир потенциал муаммо катта миқдорда чучук сувдан фойдаланиш бўлиши мумкин — Orca’да ҳар бир тонна карбонат ангидрид гази 27 тонна сувда эритилади. Бу ушбу технологиядан қирғоқбўйи ва денгиз ҳудудларида, сув танқис бўлган туманларда фойдаланишни қийинлаштиради. Шунинг учун ҳозир Carbfix тадқиқотчилари денгиз сувидан фойдаланиш имкониятини ўрганмоқда. Биринчи синовлар 2022 йил ёзига режалаштирилган.

Climeworks компанияси асосчилари Кристоф Гебалд ва Ян Вурсбахер Исландиядаги Orca заводида. 2021 йил 7 сентябрь
Фото: Bloomberg

Заводлар жуда қимматбаҳо. Иқлим муаммоларини карбонат ангидридни тутиб олиш ёрдамида ҳал қилишдан наф бўлмаслиги мумкин
Карбонат ангидрид газини ажратиб олиш технологияси ривожланишини тўхтатиб турган омиллардан бири — катта харажатлар, хусусан, заводларни қуриш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга сарфланадиган маблағлар. Завод эгалари сўзларига кўра, Orca’ни қуриш уларга 10-15 миллион долларга тушган.

Climeworks компанияси қисман углерод компенсациялари сотувига боғлиқ. Чунончи, бир тонна CО₂ ни қайта ишлаш корпоратив мижозларга тахминан 600 долларга, хусусийларига эса 1200 долларга тушади. Хусусий мижозлар нархи 8 дан 57 долларгача бўлган ҳар ойлик обунани расмийлаштириши мумкин. Нархлар обуначининг номидан атмосферадан ажратиб олинган CО₂ ҳажмига боғлиқ бўлади. Ҳозир компания саккиз минг хусусий ва 50 дан ортиқ корпоратив мижозлар билан ишламоқда, улар орасида Microsoft, Stripe, Shopify ва Swiss Re каби компаниялар бор.

Баъзи экспертлар хавфсирашича, нол даражада ажралмалар чиқаришга ўтишни ваъда қилаётган йирик компаниялар ўз корхоналарини модернизация қилмаслик ва бундан кейин чиқадиган ажралмаларни беркитиш учун ҳаводан карбонат ангидрид газини ажратиб олиш технологиясидан фойдаланиши мумкин. Ўз навбатида, активистлар янги технологиялар экологик жиҳатдан анча хавфсизроқ ечимлардан ва ажралмаларни зудлик билан камайтириш жараёнидан диққат-эътиборни ва ресурсларни чалғитишидан қўрқмоқда.

«Углеродни йўқ қилиш ҳақида билиш керак бўлган энг муҳим нарса шундан иборатки, бу ажралмаларни камайтириш ўрнини босмайди. Бу муҳим қўшимча нарса, лекин ўрнини босувчи нарса эмас. DAC, албатта, арзонлашади, аммо шу билан бирга, янгиланувчи манбалардан олинадиган энергия ва ажралмаларни қисқартиришнинг бошқа усуллари ҳам», — деди Америка университетининг Углеродни йўқ қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва сиёсат институти тадқиқотлар раҳбари Дэвид Морроу.

Келажакда Climeworks CО₂ ни қайта ишлаш нархини бир тонна учун 100-150 долларгача пасайтиришни режалаштирмоқда, бу компанияга давлат субсидияларисиз фойда олиш ва карбонат ангидрид газини тутиб олиб, йўқотишни рақобатбардош технологияга айлантириш имконини беради.

Технологиянинг барча камчиликларига қарамасдан, августда АҚШ уни ривожлантиришга қарийб 8,5 миллиард доллар инвестиция киритди. Occidental ва Carbon Engineering компаниялари қураётган ускуналар йилига бир миллион тоннагача CО₂ ажратиб олиш имкониятига эга бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Исландияда атмосферани карбонат ангидрид газидан тозалайдиган завод ишга тушди
[/banner_pushhouse