23:12 / 17.09.2021
3 034

Афғонистон янгиликлари: Ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди, визалар қора бозори гуллаб-яшнамоқда

Афғонистон янгиликлари: Ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди, визалар қора бозори гуллаб-яшнамоқда
Фото: EPA
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати ўзлари тузган муваққат Вазирлар Маҳкамасининг биринчи мажлисини ўтказди.

Муваққат ҳукумат раҳбари мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд раислигида бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий вазият муҳокама қилинди. Бундан ташқари, масъул идораларга Афғонистонда, айниқса, Кобулда хавфсизлик устидан назоратни кучайтириш топширилди.

Шу билан бирга, мажлис иштирокчилари мамлакатда молиявий инқироз ёмонлашишига йўл қўймаслик учун шошилинч иқтисодий чоралар кўриш зарурлигига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари аввалроқ «Толибон»га қаршилик миллий фронти ташкил қилинган шимолий Панжшер вилояти аҳолисига ёрдам бериш муҳимлигини қайд этди. Ушбу ҳудудга гуманитар ёрдам юбориш ҳақида қарор қабул қилинди, шунингдек, ОАВ вакиллари учун вилоятдаги вазиятни ёритишга қўйилган тақиқ олиб ташланди.

Афғонистонда визалар савдоси бўйича қора бозор гуллаб-яшнамоқда
Афғонистон ҳудуди «Толибон» томонидан босиб олингач, мамлакатда чет эл элчихоналарининг кўпчилиги ўз фаолиятини тўхтатди, оқибатда бу ерда хорижга кетиш имкониятини берадиган визаларнинг ноқонуний савдоси гуллаб-яшнамоқда.

Кобулдаги сайёҳлик агентлиги директори Шафи Самим сўзларига кўра, одамлар Покистонга визани 350 долларга, Тожикистонга — 400 долларга, Ўзбекистонга — 1350 долларга сотиб олмоқда, Туркияга виза нархи эса 5 минг долларгача бўлиши мумкин. Афғонистонда ҳокимият қулашидан аввал Покистонга виза 15 доллар, Тожикистон ёки Ўзбекистонга — 60 доллар, Туркияга эса 120 доллар қийматида бўлган.

Айни пайтда юқорида тилга олинган мамлакатлар орасидан фақат Покистонга қонуний виза олиш мумкин. Аммо сўнгги вақтларда афғонистонликлар, қўлида Покистонга визаси бўлса ҳам, назорат-ўтказиш пунктида тўхтатилиб, улардан яна бир ҳужжат учун пул талаб қилинмоқда. Бундай «рухсатнома» нархи 350-400 доллар атрофида бўлиши мумкин.

Афғонистонликлар учун ноқонуний визалар ким томонидан ва қандай тайёрланиши номаълум. Шунингдек, бундай ҳужжатлар орқали одамлар чет элга кетишга муваффақ бўлаётгани ёки йўқлигига ҳам аниқлик киритилмаяпти.

Хитой Россия, Эрон ва Покистонга Афғонистон бўйича ҳамкорлик режасини таклиф қилди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Россия, Эрон ва Покистонга Афғонистон бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда, хусусан, маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатиш ва хавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш билан шуғулланишни таклиф қилди. Вазир, шунингдек, АҚШни Афғонистондан ўз қўшинларини олиб кетганидан кейин мамлакатнинг қайта тикланиши учун масъулиятни зиммасига олишга чақирди.

Ўз ташаббусини Ван И Душанбеда Россия, Эрон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда эълон қилди.

Си Цзиньпин дунё ҳамжамиятини Афғонистонни қўллаб-қувватлашга чақирди
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Душанбедаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида йўллаган видеомурожаатида ташкилотга аъзо мамлакатлар Афғонистонга тинч йўл билан қайта тикланишда ёрдам бериши ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишда намоён бўлишига қарши курашиши кераклигини таъкидлади.

«Афғонистонда жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Халқаро ҳамжамият Афғонистонни қўллаб-қувватлаши керак», — деди у.

Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, Афғонистон бўйича ҳамкорлик қилишдаги асосий вазифа у ерда тинчлик, барқарорликка эришиш ҳамда изчил ривожланиш жараёнини йўлга қўйишдан иборат.

Си Цзиньпин ШҲТга аъзо мамлакатлар ўз сиёсий йўлида қатъий туриши ва ташқи аралашувларга йўл қўймаслиги кераклигини айтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон янгиликлари: Ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди, визалар қора бозори гуллаб-яшнамоқда