09:55 / 23.09.2021
2 026

Байден Путинни «қотил» деб атаганидан кейин икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган суҳбат эълон қилинди

Байден Путинни «қотил» деб атаганидан кейин икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган суҳбат эълон қилинди
Фото: Getty Images
Журналистлар Боб Вудворд ва Роберт Коста яқинда нашр этилган «Таҳдид» китобида Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден ўртасида 2021 йилнинг 13 апрелида бўлиб ўтган телефон суҳбатининг бир қисми ҳақида ҳикоя қилади. Китобдан парча ABC News томонидан нашр этилган.

Путин Байденга Америка президентининг 16 март куни Жорж Стефанопулосга берган интервьюсидаги сўзларидан хафа бўлганини айтди, деб ёзади журналистлар. Гап Байденнинг Путинни қотил деб биладими, деган саволга тасдиқ жавобини берган шов-шувли ибораси ҳақида кетмоқда.

«Мени қотил деб атаганингиздан ранжидим», — дея китоб муаллифлари Путиннинг Байден билан 13 апрелдаги суҳбатида айтган сўзларини келтиради. Уларнинг версиясига кўра, АҚШ президенти ўз позициясини Путинга қуйидаги сўзлар билан изоҳлаган: «Менга савол беришди. Мен жавоб бердим. Бу мутлақо бошқа мавзудаги интервью эди».

Айнан ўша телефон суҳбати давомида Байден Путинга келгуси ойларда нейтрал ҳудуд бўлган «учинчи мамлакат»да учрашиб, икки давлат муносабатларидаги барча масалаларни муҳокама қилишни таклиф қилган. Натижада учрашув 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтганди.

«Қотил» сўзи ишлатилган Стефанопулоснинг интервьюсидан сўнг Путин Байденга «истеҳзо ва ҳазилсиз» соғлиқ тилади. Кейинроқ Путин Байденнинг ушбу баёноти ҳақида тушунтириш олганини айтди. «Хўш, нимаям дердим, ҳаммамиз ушбу баёнотлардан хабардормиз. Ундан сўнг президент Байден менга қўнғироқ қилди, биз очиқчасига гаплашиб олдик, унинг изоҳлари менга маъқул келди», — деди Россия президенти.

Женевадаги Россия—Америка саммити олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Байден Путинни қотил деб ҳисоблаш-ҳисобламаслиги ҳақидаги ўз гапларини яна бир бор изоҳлади. «Фикримча, унинг ўзи бу саволга жавоб қандай бўлишини аниқ билдирди. Ўтмишда Путин аслида буни тан олган деб ҳисоблайман — у қилиши мумкин бўлган ёки қилган баъзи ишлар бўлган. Илгари менга ушбу савол жонли эфирда берилганда, мен холис жавоб бердим. Аммо бу биз ўтказадиган учрашув нуқтаи назаридан у қадар муҳим эмас деб ўйлайман», — деди Байден.

17 март куни АҚШ президенти Жо Байден АBC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Россия президенти Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» — деган саволига тасдиқ жавобини берганди. «Ммм, ҳмм, ҳа», — дея жавоб қилган Байден ундан интервью олаётган Жорж Стефанополуснинг саволига. Кремль эса Жо Байденнинг Владимир Путин ҳақидаги баёнотларини «жуда ёмон» деб ҳисоблашини айтган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Байден Путинни «қотил» деб атаганидан кейин икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган суҳбат эълон қилинди
[/banner_pushhouse