16:34 / 28.01.2022
1 150

Рамзан Қодиров: АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўрганиши керак

Рамзан Қодиров: АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўрганиши керак
Фото: «РИА Новости»
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров АҚШ Давлат департаментининг минтақага оид баёнотларидан сўнг, Telegram’даги канали орқали Қўшма Штатларнинг ўзини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўрганишга чақирди.

Аввалроқ Давлат департаменти Чеченистон ҳукумати томонидан ўнлаб фуқаролар «ўғирлангани ва мажбурий равишда ушлаб турилгани» тўғрисидаги хабарлардан хавотирда эканини билдириб, Россия ҳукуматини бу каби амалиётга йўл қўймасликка чақирган эди.

«Нима бало, Штатларда ақлдан озганмисиз? Эслатиб ўтаман, бу каби баёнотни Гуантанамо қамоқхонасида маҳбусларни суд ва терговсиз сақлаётган мамлакатнинг Давлат департаменти билдирмоқда. Ушбу лагердаги қийноқлар ва таҳқирлар шу қадар машҳурки, Голливуд мазкур фактлар бўйича киноленталар ишлаяпти. МРБнинг дунё бўйлаб яна бундай махфий қамоқхоналари нечта? Хорижликларнинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда, суд қилмасдан қатл қилиниши ҳақида нима дейиш мумкин?

Рўйхатни давом эттирайми? Маҳаллий халқларга зулм ва муҳожирлар ҳуқуқларини поймол қилиш, Сурия ва Ливияда можароларни авж олдириш, ирқий камситиш, маҳбусларнинг кўплиги, ўлим жазоси, полиция зўравонлиги, Яқин Шарқдаги тинч аҳолини бомбардимон қилиш... Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасида тавсия беришдан олдин, Давлат департаменти, унга ўзинг риоя қилишни ўрган
», — деб ёзади Қодиров.

Унинг таъкидлашича, «Давлат департаменти мурожаатининг муаллифлари нодон».

«ИИВ, прокуратура, тергов қўмитаси, ФХХ ва бошқалар — федерал марказга, яъни Кремлга бўйсунадиган федерал тузилмаларнинг минтақавий бўлимларидир. Россия қонунларига кўра, субъект раҳбари суд қилиши, афв этиши, қўлга олиши, озодликка чиқариши мумкин эмас», — дея қайд этади Қодиров.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Олий судининг истеъфодаги судьяси Сайди Янгулбоевнинг оиласини «террорчиларнинг шериклари» деб атаган ва уларни ҳибсга олишни, «қаршилик кўрсаца, йўқ қилишни» талаб қилганди. Судьянинг ўғли Абубакир Янгулбоев «Дожд» телеканали эфирида Қодировнинг сўзларига фикр билдирар экан, Россия президентига Чеченистон раҳбариятини алмаштириш таклифи билан мурожаат қилган.

20 январь куни Сайди Янгулбоев ва Зарема Мусаеванинг Нижний Новгороддаги хонадонига ўзларини Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларимиз деб таништирган ниқобли қуролланган шахслар бостириб кирган. Улар оилани Чеченистонга қарши фирибгарлик иши бўйича гувоҳ сифатида келтириш қарорини кўрсатган, шундан сўнг Мусаевани куч билан олиб кетган. Янгулбоевнинг ўзи судьялик гувоҳномасини кўрсатгани учун олиб кетилмаган.

Судьянинг яна бир ўғли Ибрагим Янгулбоевнинг айтишича, уларнинг оиласи Чеченистон ҳукуматини очиқ танқид қилган матбуот маъмури бўлгани учун таъқиб қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2015 йилда уни отаси ва акаси билан бирга ўғирлаб кетишган ва Қодировнинг қароргоҳига олиб боришган. У ерда оила, жумладан, Чеченистон раҳбарининг шахсан ўзи томонидан калтакланиб, қийноққа солинган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Зарема Мусаеванинг ўғирланиши ҳақидаги воқеани «фантастик воқеа» деб ҳисоблаб, унга муносабат билдирмаслигини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рамзан Қодиров: АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўрганиши керак