13:30 / 04.03.2022
1 993

Урушнинг 8-куни: Гуманитар йўлаклар очишга келишилди. Уруш «режа бўйича кетмоқда»

Урушнинг 8-куни: Гуманитар йўлаклар очишга келишилди. Уруш «режа бўйича кетмоқда»
Черниговдаги ўққа тутилган турар жой биноси, 3 март.
Фото: Reuters

Украинадаги уруш саккиз кундан бери давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, мамлакатни бир миллиондан ортиқ одам тарк этган. Ўт очишлар давом этаётган шаҳарлардаги вазият гуманитар фалокатга яқин. Meduza 3 март куни юз берган асосий воқеалар ва уруш зонасидан олинган фотосуратларни тақдим этди.

Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Музокаралар бошланишдан олдин Россия делегацияси «ҳарбий-техник, гуманитар-халқаро ва сиёсий» масалаларни муҳокама қилиш ниятида эканини билдирган бўлса, Украина делегацияси учрашувни гуманитар йўлакларнинг минимал дастури муҳокамаси деб атаган. Якунда махсус минимал дастур бўйича қарорлар қабул қилинган: унга кўра, ўт очишни вақтинчалик тўхтатиш билан томонлар одамларни эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар яратиш ҳамда «энг шиддатли жанглар кечаётган жойларга озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш бўйича келишувга эришди» — лекин келишув фақат эвакуация тугагунча ва фақат тегишли ҳудудларда амал қилади.

Иккала томон ҳам тез орада музокараларнинг учинчи раундини ўтказишга умид билдирди; Россия делегацияси унда парламент тасдиғини талаб қиладиган айрим келишувлар муҳокама қилинишига шама қилди. Украина делегацияси аъзоси, президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг Meduza’га айтишича, Украина «яқин вақт ичида ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик бўйича жиддий келишувларга эришмоқчи».

Киев вилояти, Бородянка посёлкасида ишдан чиқарилган ҳарбий техника.
Фото: Reuters


Украина ҳарбийлари эски «Жигули»да олиб келинган қуролларни кўздан кечирмоқда.
Фото: AFP

Владимир Путин урушни тугатмоқчи эмасга ўхшайди. Путин Хавфсизлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида сўзга чиқиб, россияликларни «махсус ҳарбий операция режа бўйича» кетаётганига ишонтирди ва ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига 5 миллион рублдан тўловларни ваъда қилди. «Ҳозир Украина ҳудудида бизнинг аскар ва офицерларимиз Россия учун курашмоқда, Ғарб томонидан йиллар давомида тўғридан-тўғри чегараларимизда яратилган анти-Россия бизга хавф солмаслиги учун жанг қилмоқда», — деди у.

Путиннинг кайфиятини унинг Эммануэль Макрон билан телефон суҳбатидан кейин француз ОАВлари ҳам тасдиқлади. «Президент (Макроннинг) фикрича, президент Путиннинг унга айтганларини ҳисобга олсак, энг ёмони ҳали олдинда... Россиянинг мақсади бутун Украинани эгаллаб олиш», — деди манбалардан бири BFM телеканалига. Шу билан бирга, Россия президенти Макронни «ракета ҳужумлари давом этаётгани, Киев ҳамда Украинанинг бошқа шаҳарлари бомбардимон қилинаётгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, булар Россияга қарши дезинформация кампаниясининг элементлари», эканига ишонтирди.

Украина ҳудудий мудофаа кучлари аскари Киевдаги назорат-ўтказиш пунктида.
Фото: Reuters

Украина шаҳарларини ўққа тутиш ва жанглар давом этмоқда. Украина Фавқулодда хизмати маълумотларига кўра, Черниговда кун давомида вайроналар остидан 33 кишининг жасади, 18 нафар ярадор топилган. Харьковдаги отишма оқибатида камида 13 киши жароҳат олган. Жанглар Энергодарда давом этмоқда, бунгача Киев яқинидаги Буча ва бошқа жойларда маҳаллий аҳоли рус колоннасининг йўлини тўсишга чиққан.

Украинанинг бошқа йирик шаҳарлари каби Черниговда ҳар куни отишмалар давом этмоқда.
Фото: Reuters


Киев эса уруш бошидан бери мунтазам ўққа тутилмоқда.
Фото: AP Photo

Владимир Зеленский Россия репарацияга тайёрланиши кераклигини айтди ва Путинни «ўтириб гаплашиб олишга» чақирди. Украина президенти Россия «репарация» (бир давлат бошқа давлатга етказган зарари учун тўлов) ва «контрибутсия» (урушда мағлуб бўлган давлат ғолиб давлатга тўлайдиган товон) атамаларини ўрганиши ва Украинага етказилган зарарни қоплаши кераклигини айтди. Кейинчалик журналистлар билан суҳбат чоғида у ҳиссиёт билан Россия президентига мурожаат қилди:

- Биздан нима истайсан? Юртимиздан кет! Агар ҳозир кетишни истамасанг, мен билан музокара столига ўтир, мени вақтим бемалол. Лекин Макрон, Шолс ва бошқалар каби 30 метр узоқликда эмас. Қўшнингман-ку! Мен билан 30 метр масофа сақлаш шарт эмас. Тишлаб олмайман. Мен ҳам оддий одамман. Ўтир, гаплаш, нимадан қўрқяпсан? Биз ҳеч кимга таҳдид қилмаяпмиз, террорчи эмасмиз. Банкларни эгаллаб олмаяпмиз, бировларнинг ерларини тортиб олмаяпмиз, — деди Зеленский.


Киевнинг кўплаб аҳолиси, асосан аёллар ва болалар шаҳарни тарк этишга уринмоқда.
Фото: AP Photo
Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Урушнинг 8-куни: Гуманитар йўлаклар очишга келишилди. Уруш «режа бўйича кетмоқда»