2026 йилда IT мутахассислари учун қайси касблар талабгир?

3 дақиқа ўқиш8
2026 йилда IT мутахассислари учун қайси касблар талабгир?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 2026 йил охирига келиб технология соҳасида маҳсулот менежерлари учун вакансиялар кўпайган бўлса-да, муҳандислик йўналишида ўсиш секинлашди ва дизайн соҳасида иш ўринлари рекорд даражада камайди.
  • Леннйъс Невслеттер таҳлилига кўра, сунъий интеллект билан ишлаш кўникмалари ҳозирда кўплаб касблар учун асосий талабга айланган.
  • АҚШда дастурий таъминот муҳандисларини ишга қабул қилиш кўрсаткичи 2022 йилдаги 239 мингдан 113 минггача тушган.

Технология соҳасида иш топиш имкониятлари мутахассисликка қараб фарқ қилмоқда. 2026 йил охирида маҳсулот менежерлари учун вакансиялар кўпайган, муҳандислик йўналишида ўсиш секинлашган. Дизайн соҳасида эса очиқ иш ўринлари сони рекорд даражада камайган. Сунъий интеллект билан ишлаш кўникмалари кўплаб касблар учун асосий талаблардан бирига айланган. Бу маълумотлар Lenny’s Newsletter нашрининг 10 ноябрда чоп этилган таҳлилида келтирилган.

Таҳлил технология компанияларидаги 9 мингдан ортиқ иш берувчининг вакансияларини қамраб олган TrueUp маълумотларига асосланган. Шунингдек, 124 миллион мутахассиснинг иш фаолиятидаги ўзгаришларини кузатувчи Live Data Technologies маълумотлари ҳам ўрганилган. Ишга қабул қилишга оид рақамлар АҚШдаги ҳолатни акс эттиради.

Маҳсулот менежерлари учун имкониятлар кўпайди

2023 йил март ойидан бери маҳсулот менежерлари учун очиқ вакансиялар 75 фоизга ошган. 2023 йил бошидан ҳисоблаганда ўсиш 56 фоизга тенг. Муҳандислик соҳасида эса вакансиялар 43 фоизга кўпайган.

АҚШда ишга қабул қилиш статистикаси ҳам маҳсулот менежерлари учун нисбатан қулай вазиятни кўрсатмоқда. 2021 йилда барча ишга олинган мутахассислар орасида маҳсулот менежерларининг улуши 16 фоиз бўлган. Ҳозир бу рақам 21 фоизга етган.

Бироқ вакансиялар кўпайгани ишга қабул қилиш ҳам худди шу суръатда ўсганини англатмайди. Таҳлилда маҳсулот менежерларини ишга олиш кўрсаткичи сўнгги йилларда барқарор қолгани қайд этилган.

Муҳандисликда ўсиш деярли тўхтади

Муҳандислар учун вакансиялар ўсиши 2024 йилда 29 фоиз, 2025 йилда 15 фоиз бўлган. Сўнгги бир йилда эса бу кўрсаткич 2,5 фоизгача тушган. Ҳозир технология компанияларидаги муҳандислик бўйича очиқ иш ўринлари сони март ойидагидан кам.

АҚШда 2025 йил майидан 2026 йил апрелигача 113 мингга яқин дастурий таъминот муҳандиси ишга қабул қилинган. 2022 йилда эса 239 минг киши иш билан таъминланган эди. Демак, ҳозирги кўрсаткич ўша даврдаги натижанинг ярмидан ҳам паст.

Шунга қарамай, муҳандисликнинг айрим соҳаларида талаб юқори. Ишга ёллаш бўйича мутахассисларга вакансиялар 2023 йил ўртасидан бери қарийб уч баробар кўпайган. Forward deployed engineer лавозимлари эса бир йилда 4,6 баробар ўсиб, тахминан 1500 тага етган. Киберхавфсизлик муҳандислиги ҳам талаб ортиб бораётган йўналишлардан.

Мобил ва фронтенд муҳандисларига бўлган талаб эса сўнгги бир йилда деярли 50 фоизга камайган.

Дизайн ва фойдаланувчи тадқиқотларида пасайиш

Дунё бўйича технология компанияларида маҳсулот дизайнерлари учун атиги 1900 та очиқ вакансия қолган. Бу бир йил олдингига нисбатан 28 фоиз кам. АҚШдаги компаниялар сўнгги 12 ойда 12 600 нафар маҳсулот дизайнерини ишга қабул қилган. 2022 йилда бу рақам 27 600 нафарга етган эди.

Фойдаланувчилар тажрибасини ўрганувчи тадқиқотчиларга талаб янада камайган. АҚШда сўнгги бир йилда 1800 нафарга яқин мутахассис ишга олинган, 2022 йилда эса уларнинг сони 5300 нафарни ташкил қилган. Бир йиллик пасайиш 66 фоизга тенг. Бутун дунё бўйича бу йўналишдаги очиқ вакансиялар сони 108 тани ташкил этмоқда.

Иш берувчилар сунъий интеллект кўникмаларини сўрамоқда

Технология компанияларининг вакансияларида талаб қилинадиган кўникмалар таркиби ҳам ўзгарган. Маҳсулот менежерлари учун LLM энг кўп тилга олинадиган кўникмага айланган. Claude учинчи ўринда, Cursor, OpenAI ва MCP эса энг кўп учрайдиган талаблар қаторида.

Муҳандислар учун Python етакчи ўринни сақлаб қолган. Шу билан бирга, LLM вакансияларда Java’дан кўпроқ қайд этила бошлаган. Дизайнерлар орасида Figma ҳали ҳам талаб юқори бўлган восита. Аммо Claude ва Cursor каби сунъий интеллект дастурлари ҳам тобора кўпроқ тилга олинмоқда.

Вакансиялар асосан Сан-Франциско кўрфази ҳудудида тўпланмоқда

Ҳозир технология компанияларидаги очиқ иш ўринларининг 15 фоизи Сан-Франциско кўрфази ҳудудига тўғри келади. Бу ердаги вакансиялар бир йил ичида 43 фоизга ошган. Маҳсулот менежерлари ва дизайнерлар учун очиқ иш ўринларининг ҳар тўрттасидан биттаси, муҳандислик вакансияларининг эса ҳар бештасидан биттаси шу ҳудудда жойлашган.

Масофадан ишлаш имконияти ҳам камайган. Технология соҳасидаги вакансияларнинг 14 фоизигина масофавий ишлашни таклиф қилмоқда. 2022 йил охирида бу кўрсаткич 21 фоиз эди.

Дизайнерлар учун масофавий вакансиялар улуши 34 фоиздан 19 фоизга, муҳандисларда эса 25 фоиздан 14 фоизга тушган. Маҳсулот менежерларида бу кўрсаткич сўнгги икки йилда 21 фоиз атрофида сақланиб қолган.

Таҳлилда технология соҳасидаги иш бозори умумий ҳисобда ўсиб бораётгани, аммо янги иш ўринларининг асосий қисми дастурий таъминотга бевосита алоқадор бўлмаган йўналишларда пайдо бўлаётгани айтилган. Мақоланинг бу ҳақдаги якуний таҳлили пуллик обуна орқали ўқилади.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?