Жуфтингиз ёлғон гапираётганини қандай билиш мумкин?

Жуфтингиз гапираётганда кўзини олиб қочса, асабийлашса ёки қўлларини кўп ҳаракатлантирса, бу унинг ёлғон гапираётганини англатадими? Илмий тадқиқотлар бунга оддий «ҳа» деб жавоб беришга имкон бермайди.
Психологларнинг таъкидлашича, ёлғонни аниқлайдиган ягона ва ишончли тана ҳаракати мавжуд эмас. Масалан, кўзга қарамаслик, безовта бўлиш ёки кўп қимирлаш каби белгилар одамнинг шунчаки ҳаяжонланганини ҳам англатиши мумкин. Тадқиқотларда одамларнинг ёлғонни фақат хатти-ҳаракатларга қараб аниқлаш қобилияти кўпинча тасодифий тахминдан унчалик юқори эмаслиги кўрсатилган.
Шунинг учун жуфтингизни «ушлаш» учун унинг кўзига ёки қўлларига эмас, гапининг мазмунига эътибор бериш муҳимроқ. Масалан, айтилган воқеа аввалги маълумотларга зид келадими, тафсилотлар ўзгариб турибдими ёки оддий саволга жавоб беришда муҳим маълумотлар атайлаб четлаб ўтиляптими — мана шундай жиҳатлар кўпроқ эътибор талаб қилади.
Энг тўғри йўл эса тахмин қилиш эмас, хотиржам суҳбатлашиш ва аниқ саволлар бериш. Чунки ҳатто полиграф («ёлғон детектори») ҳам инсон ёлғонини мутлақ аниқлаб берадиган ишончли восита ҳисобланмайди.
Демак, «кўзини олиб қочди — демак, ёлғон гапиряпти» деган қараш илмий жиҳатдан ишончли эмас. Биргина белгисига эмас, вазият, суҳбат мазмуни ва бир-бирига мос келмайдиган фактларга қараш керак.
Сиз жуфтингизнинг ёлғон гапираётганини қандай аниқлайсиз? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.






























Изоҳлар 0
…