Ўзига ишонган инсонлар ҳар куни бажарадиган 5 та одат: уларни сиз ҳам синаб кўринг

4 дақиқа ўқиш18
Ўзига ишонган инсонлар ҳар куни бажарадиган 5 та одат: уларни сиз ҳам синаб кўринг
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш кўпинча кундалик ҳаётдаги кичик одатларни тўғри шакллантириш орқали амалга оширилади.
  • Бунинг учун гавдани тик тутиш, суҳбатдош билан табиий кўз алоқасини ўрнатиш ва фикрларни аниқ ҳамда тушунарли ифодалаш муҳим аҳамиятга эга.
  • Шунингдек, шахсий чегараларни белгилаб, керакли вазиятда «йўқ» дейишни ўрганиш ҳамда ортга сурилган ишларни бажариш ўзига бўлган ишончни оширади.

Баъзи инсонлар хонага кириши биланоқ эътиборни тортади. Улар баланд овозда гапирмайди, ўзини кўрсатишга уринмайди, аммо ҳаракатлари, нигоҳлари ва сўзларида қандайдир қатъият сезилади. Бу туғма истеъдодми ёки ўрганиш мумкин бўлган кўникмами? Психологик жиҳатдан қараганда, ўзига ишонч кўпинча айнан кундалик одатлар орқали шаклланади.

Ўзига ишончли инсон бўлиш учун бойлик, юқори лавозим ёки ташқи кўринишнинг мукаммал бўлиши шарт эмас. Энг муҳими — инсон ўз фикрини ҳурмат қилиши, қарорларига масъулият билан ёндашиши ва бошқаларнинг муносабатига қараб ўз қадрини белгиламаслигидир.

Қизиғи шундаки, ўзимизга бўлган муносабатимиз кундалик ҳаётдаги кичик ҳаракатларимизда ҳам намоён бўлади. Қандай юришимиз, суҳбатдошни қандай тинглашимиз, нималарга рози бўлишимиз ва қайси ишларни ортга сураётганимиз — буларнинг барчаси ички ҳолатимизга таъсир қилиши мумкин.

Қуйида ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган бешта оддий одатни кўриб чиқамиз.

1. Белингизни тик тутинг: гавдангиз ҳаракати кайфиятингизга ҳам таъсир қилиши мумкин

Инсоннинг ташқи ҳолати унинг ички кечинмалари билан боғлиқ. Масалан, бошни эгиб, елкаларни тушириб юриш баъзан чарчоқ, тушкунлик ёки ишончсизлик таассуротини уйғотади. Аксинча, гавдани тик тутиш, елкаларни табиий ҳолатда ушлаш ва хотиржам ҳаракатланиш ўзингизни эркинроқ ҳис қилишга ёрдам бериши мумкин.

Бу ерда гап сунъий равишда кўкрак кериб, ўзини бошқалардан устун кўрсатиш ҳақида эмас. Муҳими — танангизни эркин ва мувозанатли тутиш.

Тик қомат нафақат ташқи кўринишни яхшилайди, балки суҳбат пайтида ҳам ўзингизни ишончлироқ тутишингизга ёрдам бериши мумкин.

Кичик машқ: ҳар сафар эшикдан киришдан олдин елкаларингизни бўш қўйинг, бошингизни тик тутинг ва шошилмасдан юринг. Буни кун давомида бир неча марта такрорланг.

2. Суҳбатдошнинг кўзига қаранг, аммо тикилиб қолманг

Ишончли мулоқотнинг муҳим белгиларидан бири — кўз орқали алоқа ўрнатиш. Суҳбатдошингиз гапираётганда унга эътибор қаратиш, вақти-вақти билан кўзига қараш ва уни тинглаётганингизни ҳаракатларингиз билан кўрсатиш мулоқотни самарали қилади.

Доим ерга қараш ёки нигоҳни тез-тез олиб қочиш баъзан ҳаяжон ёки ноқулайлик сифатида қабул қилиниши мумкин. Бироқ кўзга қарамаслик ҳар доим ёлғон ёки ишончсизлик белгиси эмас. Айрим инсонлар уялчанлик, маданий одатлар ёки шахсий хусусиятлар сабабли кўз билан алоқани камроқ сақлайди.

Шунинг учун суҳбатдошга тикилиб қолиш ҳам тўғри эмас. Табиий равишда қараш, бош ирғаш ва унинг фикрини диққат билан тинглашнинг ўзи етарли.

Кичик машқ: кейинги суҳбатда телефонга чалғиманг. Суҳбатдошингизнинг гапини бўлмасдан тингланг ва жавоб беришдан олдин бир неча сония ўйланинг.

3. Аниқ гапиринг: кераксиз сўзлар фикрингизни хиралаштирмасин

Ўзига ишонган инсон ҳар доим баланд овозда гапиради, деган тушунча нотўғри. Аксинча, у ўз фикрини хотиржам, тушунарли ва аниқ ифода эта олади.

«Э-э-э», «хўш», «яъни», «нима десам экан» каби тўлдирувчи сўзлар баъзан нутқда кўп такрорланади. Бу ҳолат инсонни ёмон нотиққа айлантирмайди, аммо улар ҳаддан ташқари кўпайса, асосий фикрни англашни қийинлаштириши мумкин.

Бундай вазиятда шошиб гапириш ўрнига қисқа сукут сақлашни ўрганинг. Фикрингизни тартибга солиб, кейин давом эттиринг.

Энг муҳими, ўзингизни оқлаш учун ортиқча гапирманг. Агар саволга қисқа ва аниқ жавоб бериш мумкин бўлса, уни кераксиз изоҳлар билан чўзманг.

Кичик машқ: ҳар куни бирор мавзу ҳақида бир дақиқа давомида фикрингизни баён қилинг. Гапларингизни қисқа, мазмунли ва тушунарли қилишга ҳаракат қилинг.

4. «Йўқ» дейишни ўрганинг: ҳаммага ёқишга уриниш ишончни сусайтириши мумкин

Кўпчилик бошқаларнинг кўнглини қолдирмаслик учун ўз хоҳишларидан воз кечади. Кимдир илтимос қилса, вақти бўлмаса ҳам рози бўлади. Кимдир ўзини ноқулай ҳис қилса-да, рад жавобини беришдан қўрқади.

Натижада инсон бошқаларнинг талабларига мослашиш билан банд бўлиб, ўз эҳтиёжларини унута бошлайди.

«Йўқ» дейиш эса қўполлик ёки ҳурматсизлик эмас. Бу шахсий чегараларни белгилаш ва ўз вақтингизни қадрлашдир.

Масалан, сиз истамаган десертни буюртма қилмаслик, имкониятингиз бўлмаган илтимосни рад этиш ёки ортиқча вазифани зиммангизга олмаслик ҳам ўз қарорингизни ҳурмат қилишнинг бир кўринишидир.

Бунда узундан-узоқ баҳона келтириш шарт эмас. «Афсуски, бугун имконим йўқ» ёки «Бу сафар ёрдам бера олмайман» дейишнинг ўзи кифоя.

Кичик машқ: бугун ўзингиз истамаган, аммо бошқаларни хафа қилмаслик учун рози бўлаётган битта ишингизни аниқланг. Агар зарур бўлса, одоб билан рад жавобини беринг.

5. Кейинга сураётган битта ишингизни бугун бажаринг

Ўзига ишончни шакллантиришда энг муҳим омиллардан бири — ўзингизга берган ваъдаларингизга амал қилиш.

Масалан, қўнғироқ қилишни, хона йиғиштиришни, китоб ўқишни ёки спорт билан шуғулланишни бир неча кундан бери орқага сураётган бўлишингиз мумкин. Ҳар сафар «эртага қиламан» дейиш эса ишни янада қийинлаштиради.

Аксинча, кичик вазифани бажариш ҳам инсонда ўзини бошқара олиш ҳиссини кучайтиради. Сиз ўзингизга ваъда бердингиз ва уни бажардингиз. Ана шу кичик натижа кейинги қадам учун рағбат бўлиши мумкин.

Катта мақсадларга эришиш ҳам кўпинча айнан шундай кичик ғалабалардан бошланади.

Кичик машқ: бугун кечиктириб юрган битта ишингизни танланг. Унга 10–15 дақиқа ажратинг ва бошлашга ҳаракат қилинг. Муҳими, уни мукаммал бажариш эмас, балки ҳаракатни бошлаш.

Ўзига ишончни мустаҳкамлаш учун яна бир муҳим қоида

Ўзига ишончли бўлиш — ҳеч қачон қўрқмаслик, хато қилмаслик ёки ҳамма нарсани билиш дегани эмас.

Ҳақиқий ишончли инсон ҳам ҳаяжонланади, баъзан иккиланади, хато қилади ва танқидни эшитади. Аммо у бу ҳолатларни ўз қадрига берилган баҳо сифатида қабул қилмайди. Хатосидан хулоса чиқаради, керак бўлса ёрдам сўрайди ва ҳаракатни давом эттиради.

Ўзингизни бошқалар билан солиштиришни камайтириш, кичик ютуқларингизни қадрлаш ва ўзингизга нисбатан адолатли бўлиш ҳам бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса: ишонч бир кунда пайдо бўлмайди

Ўзига ишонч — туғма истеъдод ёки фақат айрим инсонларга берилган хусусият эмас. У тажриба, ўзини англаш ва мунтазам ҳаракат орқали мустаҳкамланадиган кўникмадир.

Бугун қоматингизни тик тутинг. Суҳбатдошингизни диққат билан тингланг. Фикрингизни аниқ ифода этинг. Керак бўлганда «йўқ» дейишдан қўрқманг. Энг муҳими, ўзингизга берган битта кичик ваъдангизни бажаринг.

Чунки ишонч ўзингиз ҳақингизда яхши гаплар айтишдан эмас, ўзингизга таяниш мумкинлигини ҳар куни кичик ҳаракатлар билан исботлашдан бошланади.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?