Ўзбекистонда 2022 йилнинг 15 июлидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур банкнот мавзуси (тематикаси) «Буюк Ипак йўли» ҳамда мамлакат ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган. Ўлчами 152 х 69 мм. Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги «Буюк Ипак йўли»нинг рамзи сифатида туя ва «200000» рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 мм ли кўк рангли, «силжиш» эффектига, «УЗБ» ёзувига эга бўлган, микрооптик ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган. Олд ва орқа томонларининг асосий ранги фируза рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган. Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.
Банкнот олд томони чап қисмида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган «Худоёрхон ўрдаси» меъморий ёдгорлиги тасвирланган.
Фото: Марказий банк
Юқори қисмининг чап тарафида «200000» рақами, юқори қисм марказида «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки» матни кўк ва яшил рангларда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Республикасининг герби яшил рангда жойлашган.
Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.
Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида «латент» (яширин) тасвир «УЗ» кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.
Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи «Икки юз минг сўм» ёзуви ва «Ўзбекистон сўми республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт» манти жойлашган.
Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин. Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.
Шунингдек, ультрабинафша нури остида кўринувчи нақшинкор безакнинг яшил рангли фонида «УЗБ 200000 СЎМ» сўзи қизил рангда тасвирланган.
Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк Ипак йўли» карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.
Юқори чап қисмида «Худоёрхон ўрдаси» меъморий ёдгорлигидаги нақшинкор безак тасвири регистр вазифасини бажаргани ҳолда, олд ва орқа томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.
Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.
Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III асрга тегишли қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган «Ахсикент археология ёдгорлиги» тасвирланган.
Фото: Марказий банк
Марказий қисмида машҳур Қува анорининг рамзи сифатида анор тасвирида замонавий «Spark ливе» ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади.
Ўнг қисмида Фарғона водийсидаги археология ёдгорлиги топилмалари – милоддан аввалги II минг йилликга тегишли бўлган сопол идиш ва икки бошли илон кўринишидаги қадимий тош тумор тасвири акс эттирилган.
Юқори чап қисмида «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки» матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил «2022» чоп этилган.
Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати «200000» рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда «Икки юз минг сўм» ёзуви туширилган.
Пастки қисмида «Ўзбекистон сўмини қалбакилаштириш қонунга мувофиқ таъқиб қилинади» матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.
«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки шуни алоҳида қайд этадики, 200 000 сўмлик банкнотлар, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт», — дейилади хабарда. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди