18:23 / 16.03.2023
350

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизга пасайтириши оддий одамларга қандай таъсир қилади?

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизга пасайтириши оддий одамларга қандай таъсир қилади?

Марказий банк асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилагани ҳақида хабар берилганди. Бунинг аҳамияти нимада ва Ўзбекистон ҳаёти қанчалик ўзгариши хусусида нималарни билиш керак.

Асосий ставка 14 фоиз даражасига қайтди. Бу Россия ва Украина ўртасидаги урушдан аввалги кўрсаткич ҳисобланади. Уруш бошлангач, Марказий банк асосий ставкани 17 фоизгача оширганди. 

Асосий ставка ўзи нима ва унинг таъсири қандай?

Марказий банк асосий ставкаси Ўзбекистон ҳаётига жиддий таъсир қилади. Мазкур ставкага мамлакатдаги қолган барча ставкалар (омонатлар, кредитлар ва бошқалар) боғлиқдир.

Ставка талаб ва таклифни ўзгартиради, улар эса, ўз навбатида, аҳоли ва бизнес қарорларини. Буларнинг барчаси эса нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Асосий ставка юқориласа, кредит фоизлари ошади ва иқтисодиётда фаоллик камаяди. Унинг пасайтирилиши эса кредит фоизларини ҳам пасайтиради ва одамлар кўпроқ кредит ола бошлайди. Мамлакат иқтисодиётида пул айланиши тезлашади. Бироқ бу ҳолатда инфляция ҳам юқорилаши мумкин.  

Асосий ставка нега пасайтирилди ва энди нималар ўзгаради?

Асосий ставка Марказий банкнинг мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатишига имкон берувчи воситалардан биридир.

У инфляцион кутилмалар ҳамда келгуси ойларда нархлар ва иқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган вазиятидан келиб чиқиб пасайтирилди.

Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Содда қилиб айтилса, Ўзбекистон иқтисодиёти урушдан аввалги ҳолатига қисман қайтди. Хавфлар мавжуд, аммо вазият бир йил аввалгига қараганда яхшироқ. 

Марказий банкнинг асосий вазифаси — бозорнинг барча иштирокчилари ва барча жараёнлар (инфляция, иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорлик) ўртасида мувозанатни топишдир.

Ставкани пасайтиришдан мақсад мамлакат иқтисодиётини пул билан тўлдириш, бу эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш, компанияларнинг солиқ имтиёзларини ошириш, давлатнинг йирик лойиҳаларга кўпроқ маблағ сарфлашга имкон беради.

Ставканинг пасайиши аҳолининг харид қобилияти ошишидан далолат беради.

Одамлар тежашни тўхтатиб, кўпроқ харажат қилишни бошлайди, бу эса иқтисодиётни ривожлантиришга имкон беради. Аммо бу чора инфляциянинг тезлашишига ҳам олиб келиши мумкин:

асосий ставкани пасайтириш → арзон кредитлар + паст омонат ставкалари → аҳоли харажатларини оширади + тежашга интилмайди → инфляция тезлашади.

Асосий ставкани пасайтириш оқибатлари

Асосий ставкани ўзгариши биринчи навбатда кредитлар ва омонатларга таъсир қилади. Банкларнинг асосий ставкадаги ўзгаришларга жавоб бериш муддати бир кундан бир ойгача бўлиши мумкин.

Содда қилиб айтганда асосий ставка пасайтирилгач кредитлар учун фоиз ставкалари ҳам пасаяди. Бу эса кредит олиш учун яхши имконият эканлигидан далолат беради. 

2022 йил якунларига кўра, аҳолига ажратилган ипотека кредитлари учун ўртача фоиз ставкаси 22,4 фоиз бўлган. Асосий ставка пасайтирилгач, кредитлар фоизи ҳам тушиши кутилмоқда. 

Асосий ставканинг ўзгариши банклардаги омонатлар бўйича фоизларга ҳам таъсир қилади. Агар у пасайса, омонатлар бўйича ҳам фоизлар тушади.

Бироқ бу барча кредитлар тааллуқли эмас. Масалан, олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун кредит ажратиш тартибига мувофиқ, таълим кредити банклар томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.

Бунда асосий ставка пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам асосий ўзгариш тижорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлишини айтган эди.

Банклар ва мижозлар ўртасида тузилган ўзгарувчан фоиз ставкали, хусусан, Марказий банк асосий ставкасига боғланган ҳолда тузилган фоиз ставкалари шартномаларга таъсири эса ушбу шартномада келишилган шартлар ёки кредит ажратиш бўйича тегишли низом талабларига мувофиқ бўлади, — деган эди у.

Умуман олганда асосий ставканинг пасайиши кўпроқ ижобий ҳолат ҳисобланади — бу мамлакат мураккаб даврни муваффақиятли енгиб ўтаётганини англатади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк асосий ставкани 14 фоизга пасайтириши оддий одамларга қандай таъсир қилади?