11:45 / 16.03.2024
86

Марказий банк: 2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланади

Марказий банк: 2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланади
Марказий банк ўзининг 2024 йил 14 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилди.

Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди”, – дейилади регулятор пресс релизида.

Умумий инфляция йил бошидан пасайиб, феврал ойида 8,3 фоизни ташкил этган. Бироқ сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилган. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолган.

2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилнинг январ-феврал ойларига нисбатан юқори суръатларда ўсган. Шунингдек, айрим тармоқларда, хусусан, йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикасининг сустлашиши қисқа муддатли истиқболда ички бозорда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босимни яратиши мумкин.

Маълумот учун, жорий йил январ ойида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 фоизга қисқарган.

Умуман олганда, биринчи чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ шаклланиши, кейинги чоракларда эса базавий прогноз доирасида 5,5-6 фоиз бўлиши борасидаги кутилмалар кучаймоқда.

Ўтган йилги ва жорий йил бошидаги юқори фискал харажатлар келгуси чоракларда ялпи истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлади.

Айни пайтда, трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўтган йилги кўрсаткичлар доирасида шаклланаётганлиги ҳамда аҳоли реал даромадларининг жорий ўсиш суръатлари келгусида истеъмол талабига қўшимча проинфляцион босим яратмайди
”, дейилади МБ изоҳида.

Меҳнат бозорида юқори фаоллик ва ишчи кучига талабнинг ошиши кузатилмоқда. Ишчи кучига талабнинг асосий ўсиши хизматлар соҳасига тўғри келиб, ушбу соҳада иш ҳақининг юқори шаклланишига ҳам олиб келмоқда. Айни пайтда хизматлар соҳасида нархлар ва даромадларнинг мунтазам ошиши шароитида иқтисодиётда мазкур соҳаларга инвестициялар ҳажми ва жорий истеъмол харажатларидаги улуши ортиб боради.

Импорт динамикасида машина ва ускуналар, энергетика ва нефт маҳсулотлари, қора металлар импортининг юқори ўсиши давом этиши бир томондан келгусида ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишига замин яратса, иккинчи томондан савдо баланси тақчиллигининг сақланиб қолишини ҳам билдиради.

Жорий операциялар ҳисобининг мувозанатга келиши белгиланган фискал интизомнинг таъминланиши, хорижий инвестициялар оқими ва иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган таркибий ислоҳотларнинг натижадорлигига боғлиқ бўлади.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари кейинги чоракларда ҳам сақланиб қолади. Банклараро пул бозорида йил бошидан юқори фаоллик ва пул-кредит инструментларидан фойдаланиш ҳажмининг ортиб бориши фонида UZONIA фоиз ставкаси асосий ставкага яқин даражада шаклланиб боради.

Жамғариш фаоллиги ошишда давом этиб, бу хусусан, миллий валютадаги депозитлар ҳажми ўсишида намоён бўлади. Умуман олганда, депозитларнинг йиллик ўсиш суръатлари кредитлаш ҳажмининг ўсишидан сезиларли даражада юқори бўлиши кутилмоқда.

Банкларнинг ресурс базасида ички ва хусусий манбалар улуши ортиб бориши, ўз навбатида, бозор фоиз ставкаларида акс этади.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган изчил пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблигига, инфляцион кутилмаларга ва тартибга солинадиган нархларнинг ўзгариш динамикасига алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Марказий банк: 2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланади