
Британиянинг машҳур автоконсерни – Lotus заводининг ёпилиши ҳақидаги миш-мишлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки бутун мамлакатдаги автосаноат ишқибозларини ҳам жиддий хавотирга солмоқда.
Norfolk графлигида жойлашган, 1,300 дан ортиқ ходим фаолият юритадиган Hethelдаги Lotus заводининг тақдири ҳақида сўнгги кунларда турли хабарлар тарқалди. Хусусан, компаниянинг Хитойда жойлашган эгаси – Geely томонидан завод фаолиятини тўхтатиш бўйича кўриб чиқилаётган эҳтимолий қарорлар оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмоқда.
Шундан сўнг, Британиянинг Бизнес ва савдо котиби Жонатан Рейнолдс Geely раҳбарлари билан учрашиб, вазиятни шахсан ўрганди. Унга кўра, компания томонидан заводни ёпиш режаси йўқлиги тасдиқланган ва у ўзини “ишонч ҳосил қилган” деб баёнот берган.
Бироқ, бу баёнотлар ҳамма учун етарли эмас. Хусусан, Norfolk графлиги кенгашининг консерватив етакчиси Кэй Мэйсон Биллиг вазиятни жиддий деб баҳолаб, Geelyдан расмий ёзма кафолат талаб қилди. Унинг таъкидлашича, “бу каби йирик ишлаб чиқариш мажмуаси йўқолиши графлик учун ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.”
“Lotus – бу нафақат автомобил ишлаб чиқарувчи, балки Norfolk брендининг ўзи. Ҳар бир киши Lotus деганда шу ҳудудни эслайди. Биз бундай заводни йўқотишни ўзимизга эп кўра олмаймиз”, — дейди Кэй Мэйсон Биллиг BBCга берган интервьюсида.
Унинг талабларига South Norfolk округи ва Norfolk Business Board ҳам қўшилди. Улар Бизнес котиби Жонатан Рейнолдсга мурожаат йўллаб, Geely компаниясидан Lotus’нинг Буюк Британияда қолишига оид ёзма мажбурият олинишини сўрадилар.
Ҳукумат стратегияси танқид остида
Мурожаат мактубида, шунингдек, Британия ҳукуматининг яқинда эълон қилинган “Замонавий индустриал стратегияси” ҳам танқид қилинган.
Ушбу дастур Молия вазири Рэйчел Ривз томонидан “катта ўсиш секторига сармоя йўналтириш учун 10 йиллик аниқ режа” сифатида тақдим этилган эди. Аммо хатда қайд этилишича, стратегия асосан катта шаҳарлар, Шимол ва Мидлендс ҳудудларига йўналтирилган бўлиб, Norfolk ва унинг иқтисодий имкониятлари эътибордан четда қолган.
Шу муносабат билан Norfolk Савдо палатаси бош директори Нова Фэйрбанк ҳам ўз эътирозини билдирди. Унинг фикрича, бутун эътибор Кембрижга қаратилиб, бошқа ҳудудлар ундан соя остида қолмоқда.
“Кембриж шунчалик муваффақият қозондики, ундан бошқа ҳеч кимга назар ташланмайди. Бизда ҳам катта салоҳият мавжуд ва бу ҳудуд иқтисодий ўсишга тайёр турибди”, — деди у журналистларга.
Lotus — нафақат ишлаб чиқарувчи, балки рамз
Lotus раҳбарияти матбуотга берган сўнгги баёнотида Hethelдаги заводнинг ёпилиши ҳақида ҳеч қандай режа йўқлигини яна бир бор таъкидлади.
Бироқ, расмий ёзма кафолат бўлмаган ҳолда, нафақат маҳаллий раҳбарлар, балки ишчилар, тадбиркорлар ва фуқаролар ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилмаяпти.
Hethel заводи нафақат Norfolk’да, балки бутун Британияда автомобил муҳандислиги ва инновациялар маркази сифатида тан олинган. Айниқса, Lotus компанияси илгари сурмоқчи бўлган электромобил технологиялари мамлакатнинг “яшил энергия” соҳасига қўшилаётган ҳиссасининг ажралмас қисмидир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар