Ўзбекистонда картошка етиштириш соҳаси янги босқичга чиқмоқда. Президент томонидан қабул қилинган «Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва аҳолини стратегик маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Қарорга асосан, мамлакатда картошка етиштириш ҳажмини ошириш ва уруғчилик тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинди. Жумладан, 2028 йилдан бошлаб ҳар йили унувчанлик даражаси 85 фоиздан кам бўлмаган камида 10 миллион дона картошканинг мини-туганаклари етиштирилиши шарт қилиб қўйилди.
Шунингдек, 2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16–17 тоннадан 25–30 тоннага етказиш вазифаси белгиланди. Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигининг самарадорлигини ошириш, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва импорт ҳажмини қисқартиришга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йилда етиштирилиши режалаштирилаётган картошканинг “in-vitro” усулида олинадиган ўсимликлари, микро ва мини-туганаклари бўйича илмий муассасалар ва тадбиркорларга буюртма бериш мажбурияти юклатилди. Бу эса илм-фан ва амалиёт уйғунлигида қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришишга хизмат қилади.
2026 йил 1 январдан эътиборан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали фермерлар учун қулай шартларда кредитлар ажратилади. Хусусан, картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача миқдорда, йиллик 12 фоиз ставкада, 6 ойлик имтиёзли муддат билан 12 ойгача бўлган кредитлар тақдим этилади. Кредит бериш жараёни мажбурий суғурта полиси асосида амалга оширилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!