Дубайда жойлашган Envirol компанияси Ўзбекистонда 50 миллион долларлик экологик лойиҳани амалга оширади.
Лойиҳа доирасида умумий овқатланиш муассасаларида оқова сувдаги ёғларни тозалаш учун махсус фильтрлар ўрнатилади. Бу тизим ёрдамида чиқинди ёғлар ажратиб олиниб, хўжалик совуни ва биоёқилғи каби маҳсулотларга айлантирилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилишича, Envirol компанияси ушбу лойиҳага инвестор сифатида киришмоқда. Ҳозирги кунда меъёрдан ортиқ ёғ оқова сув инфратузилмасига зарар етказаётган бўлса, янги технология бу муаммони бартараф этишга ёрдам беради.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир литр оқова сувда 1 миллиграммдан ортиқ ёғ бўлмаслиги керак. Лекин фильтрлар бўлмагани учун бу талабга амал қилинмаётган эди. 2026 йил 1 июлдан бошлаб фақат фильтр ўрнатилган ошхоналар сув тизимига уланиши мумкин бўлади.
Маълумот ўрнида, Envirol 2006 йилда Дубайда ташкил этилган ва ҳозирда кунига 500 минг литрдан ортиқ чиқинди мойни қайта ишлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!