АҚШ сайловчилари учун криптоактивлар устувор масала эмас

Политико ва Публик Фирст компаниялари томонидан ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, америкалик сайловчиларнинг атиги 4 фоизи номзоднинг крипто сиёсатига бўлган муносабатини овоз беришда ҳал қилувчи омил деб билади. Респондентлар учун уй-жой нархлари, истеъмолчиларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш ва банк хизматлари учун тўловларни камайтириш энг муҳим масалалар сифатида қайд этилган. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Крипто саноати лоббистлари 2024-йилги сайловлар олдидан қонунчиликни ўзгартириш учун 130 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган бўлса-да, оддий сайловчиларнинг устуворликлари ва лоббистларнинг мақсадлари ўртасида катта тафовут мавжуд. Тадқиқотчи Молли Уайт маълумотларига кўра, крипто лоббистлари ноябрь ойидаги оралиқ сайловларга таъсир ўтказиш учун жами 320 миллион доллар сарфлаган.
Сўровномада қатнашганларнинг 27 фоизи ҳукуматнинг криптони асосий молиявий актив сифатида қонунийлаштиришини қўллаб-қувватлайди, 31 фоизи эса бунга қарши. Респондентларнинг ярмидан кўпи крипто билан савдо қилмаганини ва келажакда ҳам буни режалаштирмаётганини билдирган.
АҚШ Конгресси вакили Дасти Жонсоннинг сўзларига кўра, аксарият сайловчилар рақамли активларга қизиқиш билдирмайди, аммо бу мавзу тобора оммалашиб бормоқда. Шунга қарамай, респондентларнинг 45 фоизи криптога инвестиция киритишни таваккалчилик деб ҳисоблайди ва юқори даромад вада қилинса ҳам, бунга рози эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!