Венгрия криптовалюта савдосидаги чекловларни бекор қилмоқда

Венгрия криптовалюта савдосидаги чекловларни бекор қилмоқда

Венгрия ҳукумати криптовалюта савдосини декриминаллаштиришга ва ўтган йили жорий этилган қатъий чекловларни бекор қилишга қарор қилди. Тисза ҳукумати матбуот котиби Анита Кёбёлнинг пайшанба кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, крипто-фиат ва крипто-крипто транзакциялари учун белгиланган қамоқ жазолари ҳамда бошқа маъмурий тўсиқлар олиб ташланади. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.

Кёбёлнинг таъкидлашича, 2025-йилда қабул қилинган қонунчилик бозорда фаолият юритишни имконсиз қилиб қўйган ва инвесторларни қўрқитиб юборган. Ушбу қоидаларга кўра, ҳар бир крипто айирбошлаш операцияси махсус сертификатга эга бўлиши шарт эди, акс ҳолда транзакция ноқонуний деб ҳисобланиб, жиноий жавобгарликка сабаб бўлар эди. Бу эса мамлакатда крипто савдоси ҳажмининг кескин пасайишига олиб келди.

Мазкур қатъий чоралар нафақат маҳаллий фойдаланувчиларга, балки халқаро платформаларга ҳам таъсир қилди. Хусусан, Revolut каби йирик рақамли активлар платформалари Венгриядаги крипто хизматларини тўхтатишга мажбур бўлди. Шунингдек, ушбу чекловлар Европа Иттифоқи томонидан текширувга сабаб бўлиб, блок қоидаларига мувофиқлиги шубҳа остига олинган эди.

Эски тартибга кўра, крипто активларнинг келиб чиқишини текшириш ва ҳамён эгаларини идентификация қилиш учун махсус ваколатли орган рухсати талаб этиларди. Эндиликда Венгрия ҳукумати ушбу тизимни юmsҳатиш орқали иқтисодиётга инвестиция жалб қилиш ва крипто бозоридаги иштирокчилар сонини қайта тиклашни мақсад қилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Laylo
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар