10:23 / 01.04.2021
894

«90 кун» – ўзбек сўми биринчи чоракни долларга нисбатан мустаҳкамланган ҳолда якунлади

«90 кун» – ўзбек сўми биринчи чоракни долларга нисбатан мустаҳкамланган ҳолда якунлади
31 мартдан бошлаб 1 AҚШ долларининг расмий қиймати 10 474,98 сўмни ташкил этади. Йилнинг биринчи чорагини ўзбек сўми AҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланган ҳолда якунламоқда. Охирги марта сўм 2018 йилда чоракни мустаҳкамланган ҳолда якунлаганди.

Йил бошидан - 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, 1 AҚШ доллари 10 476.92 сўмни ташкил этганди. Январ ойи охирига келиб курс сезиларли даражада ошди.

Феврал ойи бошида эса доллар курси ўсиш тенденциясини намоён қилди. 2 феврал ҳолатига кўра, 1 AҚШ доллари 10 540.44 сўмни ташкил этди. Февралнинг биринчи 10 кунлиги якунланмасидан курс қарийб 10 сўмга тушиб, 1 доллар 10 530.83 сўмни ташкил этди. Ойнинг иккинчи ярмида доллар курси 7 сўмга, ой охирига келиб 15, 81 сўмга арзонлашди ва феврал ойини доллар курси 10 538.53 сўм билан якунлади.

Март ойи бошидан доллар курси тушишда давом этди, 1 мартдан 1 AҚШ доллари 13 сўмга арзонлаб, 10 525.50 сўмни ташкил этди. Ой ўртасида курс 5 сўмга қимматлаган бўлса, ойнинг иккинчи ярмида 9 сўмга арзонлади. 27 мартга келиб доллар курси 10 510.00 сўм эди.

Бироқ икки кун ичида курс 23 сўмга арзонлаб, 1 AҚШ доллари 10 486.46 сўмни ташкил этди. 31 мартдан эса тижорат банкларида доллар курси 10 474,98 сўмни ташкил этмоқда.

Шундай қилиб йилнинг биринчи чорагини сўм мустаҳкамланган ҳолда якунламоқда. Молиячи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, охирги марта ўзбек сўми чоракни мустаҳкамланган ҳолда якунлаши 2018 йил 2-чорагида кузатилган, ўшанда сўм AҚШ долларига нисбатан чорак давомида деярли 3 фоизга қимматлаган эди.

«Сўмнинг жорий мустаҳкамланиши экспортнинг қисқариши давом этаётган, ташқи савдо салбий салдоси ўсиши кузатилаётган ва олтин-валюта захиралари қисқараётган бир вақтда юз бераётгани алоҳида эътиборга молик. 90 кунни ўзбек сўми AҚШ долларига, евро, Британия фунт-стерлинги, Япония иенаси, Хитой юани, Россия рубли ва Қозоғистон тенгесига нисбатан ҳам қадрини бир мунча оширган ҳолда якунлади», - дейди у.

Аввалроқ, сўмнинг долларга нисбатан қиймати сўнги 10 йилда қарийб 6,5 бараварга қадрсизлангани маълум қилинганди. Милллий валюта қадрининг пасайиши ташқи ва ички иқтисодий шароитлар ўзгариши, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин девальвацияси натижасида девальвацион кутилмаларнинг ўсиши, шунингдек, ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўсиши каби омиллар таъсирида юз бериши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Марказий банк маълумотига кўра, 2021 йилда миллий валютанинг алмашув курси ички валюта бозорида вужудга келадиган талаб ва таклиф асосида узоқ муддатли фундаментал тренд доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Иқтисодиёт » «90 кун» – ўзбек сўми биринчи чоракни долларга нисбатан мустаҳкамланган ҳолда якунлади