Тошкентда бир дона шар туфайли тўртта туманда чироқлар ўчиб қолди

19 октябрь куни кечқурун Тошкентнинг тўртта туманида электр таъминотида узилиш кузатилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бунга Қибрай туманида жойлашган «Aksa Toshkent» иссиқлик электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши сабаб бўлган. Ҳодиса соат 19:05 да содир бўлган. Шар қурилмага тушгач, станциянинг ҳимоя тизими ишга тушган. Натижада электр станциясининг қуввати 460 мегаваттдан 185 мегаваттгача пасайган. Бу эса пойтахтнинг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилишига олиб келган.
Узилиш Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида кузатилган. Мутахассислар электр таъминотини тиклаш учун тезкор чоралар кўрган.
Маълум қилинишича, мутахассислар томонидан зарур чоралар кўрилгач, электр таъминоти 33 дақиқа ичида тўлиқ тикланган.
Ҳодиса оддий пуфак ҳам электр инфратузилмаси фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.































Изоҳлар 0
…