2019 йил. Бухоро Давлат университетида проф. Ибодуллаев З.Р. "Суицид сабаблари ва профилактикаси" ҳақида маъруза қилмоқда
Эпиграф: Аҳоли орасида суициднинг кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни хавотирга солади. Ушбу долзарб ижтимоий-психологик муаммони фақат суицидологларга юклаб қўйиш билан унинг ечимини топиш анча мушкул. Ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Социологлар, умумий психологлар, тиббий психологлар ва психотерапевтлар бир ёқадан бош чиқариб суицидга олиб келувчи сабабларни бартараф этишлари лозим. Бироқ суицид илдизлари қаёққа бориб тақалишини бир таҳлил қилиб чиқиш лозим.
Мен ушбу мақолани 2013 йили нашрдан чиққан “Асаб ва руҳият” номли китобимда чоп қилган эдим. Интервью типидаги бу мақола ўша пайтлари “Шифо инфо” газетасида ҳам чоп қилинган, радиода ҳам чиқишлар қилгандик. Чунки шу масалани ёритиб беришни сўраб кўп хатлар келган.
2019 йил. Бухоро ва Самарканд тиббиёт институтларида проф. Ибодуллаевнинг "Асаб ва руҳият" китоби тақдимоти
Ушбу материал профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб ва руҳият” китоби, 4-нашридан олиниб ўзгартирмасдан чоп қилиняпти.
Савол: Зарифбой Ражабович. Суицид ўзи нима? Бу касалликми ёки бир ёмон одат? Нима учун одам ўз жонига қасд қилади?
Жавоб: Савол ичида жавоби ҳам бор. Демоқчиманки, билиб туриб ўз жонига қасд қилишга суицид деб айтилади. Ўз жонига қасд қилиш “соғлом” одамларда ҳам, руҳий беморларда ҳам рўй бериб туради. Бироқ “соғлом” одамларда кузатиладиган суицидга ҳам нимадир сабабчи бўлади, масалан, қаттиқ руҳий зарба. Кўп ҳолларда ўз жонига қасд қилувчи шахс узоқ вақт, баъзан йиллаб бу ишни амалга ошириш учун режа тузиб юради. У ўз жонига қасд қилиш учун бир неча бор уйидан чиқиб, турли жойларга боради ёки оила аъзолари ишга кетгач, уйда ёлғиз қолиб, ўша ёмон ниятни амалга оширмоқчи бўлади.
Бундай пайтларда ҳаттоки уйда телефон жиринглаб қолиши, эшик тақиллаши ёки қўшнининг девор орқалаб: “Ҳе қўшни, ким бор уйда, сигирим бўшалиб кетиб экинларни пайҳон қилаяпти! Илтимос, арқон бўлса олиб келинг! Уни боғлашиб юборинг!” деб бақириши ҳозиргина ўз жонига қасд қилиш учун арқонни ўз бўйнига осишга тайёргарлик кўраётган одам арқонни олиб, қўшнининг сигирини боғлаш учун девордан ошиб ўтиши мумкин.
Савол: Демоқчисизки, бир неча ойлаб режалаштириб юрилган ният бир фурсатда пучга чиқиши ва битта одамнинг ҳаёти сақланиб қолиши мумкин экан-да?
Жавоб: Худди шундай! Бироқ бу вақтинча бўлиб, у яна суиқасд режасини тузиб юраверади. Бу фикр унинг миясига шу қадар жойлашиб оладики, у охир-оқибат ўз жонига қасд қилади. Одатда, иродасиз, кучсиз ва таъсирчан одам ўз жонига қасд қилади. “Ҳаётдан ютқазган одам ўз жонига қасд қилади” дейишади. Бу нотўғри фикр! Чунки ҳаёт бу лотерея эмас, у ютиш учун чиқарилмаган. Ҳаёт Оллоҳ томондан берилган неъмат! Умуман олганда, ўз жонига қасд қилишни дин ҳам қоралайди. Уларга жаноза ўқилмайди! Улар дўзахга тушишади.
Савол: Ўсмирлар орасида ҳам суиқасд кўп учрайди. Ахир ўсмир ёшдагилар ҳали ҳаёт нималигини яхши билишмайди-ку!? Улар нега ўз жонига қасд қилишади?
Жавоб: Умуман олганда, ўз жонига қасд қилувчиларнинг барчаси ҳаёт нималигини билишмайди. Билишганида ўз жонига қасд қилмаган бўлишарди...
Савол: Агар одам умуман кетма-кет дардли воқеаларга учрайверса-чи? Унинг бошқаларга ўхшаб яхши яшаши амалга ошмаса-чи? Уйдагилар ҳам, ишда ҳам уни қийнайверишса-чи? Унда нима қилиш керак? Балким мана шу азоблардан қутулиш учун одам ўз жонига қасд қилар?
Жавоб: Мана, дард ҳақида гапирдингиз! Дард нима ўзи? Келинг, шу саволга бир аниқлик киритайлик. Дард – ким учундир ушалмаган орзу ёки етилмаган севги, ким учундир ота-онаси ёки суйган ёрининг вафот этиши, суюкли фарзандидан жудо бўлиш, кимгадир оғир касалликка учраш, кимгадир катта миқдорда пул йўқотиш, кимгадир мансабдан кетиш ва ҳ.к. Ахир булар барчамизда рўй бериб турадиган воқеалар-ку?! Бунинг учун ўз жонига қасд қилиш шартми? Ўз жонига қасд қилишни режалаштириб юрган одам бир нарсани яхшилаб ўйлаб кўриши керак.
Ахир бахтсиз воқеалар фақат у билан рўй бермаётгандир! Ундан бошқа ҳамма бахтиёр-у, фақат унинг иши юришмаяптими? Ҳеч қачон бундай бўлмайди! Ҳаёт учун курашиш керак! Ҳеч бўлмаганда воқеа ва ҳодисалар қандай рўй бераётган бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш ёки бироз кутиш ва кузатиш керак. Вақти келиб ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Чунки ҳамма вақт ҳам қор ёғиб турмайди ёки ҳар доим қуёш чарақлаб турмайди. Бу дунёда ҳамма нарса вақтинча ва ўзгарувчандир.
Савол: Суицид дунё бўйлаб қандай тарқалган?
Жавоб: Дунё бўйлаб ҳар йили 1 млн. одам суицид орқали ҳаётдан кўз юмади (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари, 2016 йил). Бу кўрсаткич 100 000 аҳолига ўртача 16 кишини ташкил қилади. Дунё миқёсида суицид бўйича энг олдинда бораётган давлатлар – булар Россия (26,5), Литва (25,7) ва Қозоғистон (22,8). Таққослаш учун Жанубий Кореяда 20,2, Белгияда 15,7, Японияда 14,3, АҚШда 13,7, Францияда 12,1, Швейцарияда 11,3, Германияда 9,1, Исроилда 5,2 суицид кузатилади. Ушбу кўрсаткичлар ҳар йили ўзгариб туради. Масалан, 2012 йили Жанубий Кореяда суицид даражаси 28,9 ни ташкил қилган. Эътибор қилинадиган бўлса, ҳаёт даражаси юқори бўлган давлатларда суицид даражаси ҳам юқори бўлиб қолмоқда.
Мусулмон давлатларида суицид даражаси анча паст ҳисобланади (Қозоғистон бундан истисно). Масалан, 100 000 аҳолига Қирғизистонда 9,1, Ўзбекистонда 7,4, Туркияда 7,2, Туркманистонда 7,2, Баҳрайнда 5,7, Саудия Арабистонида 3,4, Тожикистонда 3,3, Бирлашган Араб Амирликларида 2,7, Озарбайжонда 2,6, Қувайтда 2,2 суицид рўй беради (ЖССТ, 2016 йил). Йиллаб уруш гирдобида қолган давлатларда суицид кам учраши эътиборни тортади. Масалан, Афғонистонда бу кўрсаткич 6,4, Ироқда 4,1, Ливан 3,2, Сурияда 2,4 суицид рўй беради. Кариб денгизи давлатлари ва Багам оролларида суицид жуда кам учрайди.
Суицидологлар фикрича, ушбу кўрсаткичлар турли давлатларда расмий статистикада кўрсатилган маълумотлардан анча юқори бўлиши мумкин. Чунки бахтсиз ҳодиса билан суицидни ҳар доим ҳам фарқлаш осон эмас ва баъзи давлатларда суициднинг ҳақиқий кўрсаткичи яширилади.
Савол: Суицид бойларда кўп учрайдими ёки камбағалларда?
Жавоб: Суицид бой ва камбағални танламайди! Кўриб турганингиздек, биз ҳавас қиладиган ривожланган давлатларда суиқасд жуда кўп учрайди. Хабарингиз бор, 2009 йилда барча давлатларда иқтисодий-молиявий инқироз кузатилган. Германияда 1 млрд. еврога зарар кўрган ишбилармон ўзини поезд тагига ташлаб жон берди. Бироқ бундан 10 баробар кўп зарар кўрган миллиардерлар ҳам кўп бор эди-ку?! Нега улар ҳам ўз жонига қасд қилишмади? Демак, суицид – атроф-муҳитда рўй бераётган фалокатли воқеаларга шахсий реакция. Сиз 2 хоналик тор жойда оила аъзоларингиз билан карам шўрва ичиб бахтли ҳаёт кечиришингиз ва китоб мутоала қилиб завқланишингиз мумкин.
Бироқ бошқа биров 2 қаватли данғиллама иморатда яшаб, энг қиммат машиналар миниб, ҳаётдан қониқмай яшаши мумкин. Сизни фарзандингизнинг мактабдан 5 баҳо олиб қувониб келгани хурсанд қилса, бошқа биров дунёни кемирса ҳам қониқмайди. Демак, ҳамма нарса шахснинг ўзига ва уни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Қандай яшаш Сизнинг ўзингизга боғлиқ! Биров билан ишингиз бўлмасин, уларнинг хатосини қайтармасликка ҳаракат қилинг. ХХ аср бошида буюк психоаналитик Зигмунд Фрейд “Ҳаёт қониқишдан иборат” деган эди. Демак, ҳар бир инсон ҳаётдан қониқиб яшаши керак! Ҳаётдан қониқмаган одамнинг миясига турли ёмон фикрлар келаверади.
Савол: Депрессия билан суицид орасида қандай боғлиқлик бор? Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Депрессия – узоқ вақт мобайнида ўта тушкун кайфият, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай онгли фаолиятга бўлган интилишнинг сўниши билан кечувчи касаллик. Аёллар эркакларга қараганда 2 баробар кўпроқ депрессияга тушишади. Афсуски, депрессияда ўз жонига қасд қилиш бошқа касалликларга қараганда ҳақиқатан ҳам кўпроқ. Айниқса, руҳий касалликлар негизида ривожланган депрессияда суицид кўп учрайди. Маълумотларга кўра, депрессияга чалинганларнинг 50 фоизи врачга умуман мурожаат қилишмайди ва ўз билганича дори ичиб юришади.
Депрессияга учраган бемор нима учун ўзини-ўзи жуда ёмон кўради, фақат ўз жонига қасд қилишни хаёлига келтираверади? Бу оғир саволга фан тўла жавоб топганича йўқ. Масалан, шизофренияга чалинган бемор биров билан жанжаллашса, ўша одамни ўлдиришга интилса, депрессияда худди шундай жанжалли вазият рўй берса, у ўзини ўлдиришга интилади. Демак, депрессияга чалинган бемор бировни ўлдира олмайди. Ривожланган давлатларда депрессия − суициднинг асосий сабабларидан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра (2017), дунё бўйича депрессия билан рўйхатга олинганлар сони 300 млн. кишига етди.
2020 йилга келиб депрессия ривожланган давлатларда тарқалиш даражаси бўйича биринчи ўринга чиқиб олиши тахмин қилинмоқда. Ҳар беш беморнинг бирида депрессия сурункали тус олади ва оғир кечади, йиллаб давом этади. Ўз жонига қасд қилувчилар ичида депрессия энг олдинги ўринлардан бирини эгаллаган. Бу касалликда ҳар йили 20 млн. киши ўз жонига қасд қилишга уринади ва шулардан 1 миллиони ўз ниятига эришади. Яна шуни айтиш лозимки, турли ташхислар билан шифохоналарда даволанаётган беморларнинг 30 %, онкологик касалликларнинг 40 %, инсульт ва инфаркт ўтказганларнинг 45 %, паркинсонизм касаллиги аниқланганларнинг 35 % ида депрессия аниқланади.
2019 йил. Бухоро Давлат университетида "Суицидологиянинг долзарб муаммолари" анжумани. Проф. Ибодуллаев З.Р. маърузаси
Савол: Суицидни олдини олишда тиббий психологнинг ўрни нимадан иборат?
Жавоб: Суицидни олдини олиш билан, асосан, тиббий психологлар шуғулланишади. Бироқ бу муаммо билан умумий психологлар, социологлар ва психиатрлар ҳам шуғулланишади. Суицидологлар эса, асосан, суицидга уринишлар рўй бериб тирик қолганлар билан ишлашади. Суицидологнинг ўзи ҳам кучли психолог бўлиши керак. Психиатрлар руҳий касалликларни (12-18 %) даволаб суициднинг олдини олса, тиббий психологлар невроз, депрессия ва фобияни (72-80 %) даволаб суициднинг олдини олади. Бу рақамлардан кўриниб турганидек, суициднинг олдини олишда асосий юк тиббий психологлар ва психотерапевтларга тушади.
Шу боис ҳам соғлиқни сақлаш вазирлиги барча даволаш-профилактика муассасалари ва айниқса поликлиникаларда тиббий психологлар штатини кескин оширишлари керак. Барча тиббиёт институтларида кечиктирмасдан “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларини ташкил этишлари лозим бўлади. Бизга бу борада жуда кўп тиббий психологлар керак. Шу соҳада магистратура ва клиник ординатурага квоталар сонини кескин ошириш керак. Ҳозирда фақат Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент тиббиёт педиатрия институти “Тиббий психолог” кадрларни тайёрламоқда. Бу ишга барча тиббиёт институтларини жалб қилишимиз керак!
Кўриб турганингиздек, депрессия жуда кенг тарқалган касаллик бўлиб, ҳар бир шифокор ундан воқиф бўлиши керак. Демак, ҳар бир шифохонага тиббий психолог-психотерапевт керак. Ҳозирда Ўзбекистонда суицидология хизмати ҳам йўлга қўйилган. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, суициднинг олдини оладиган мутахассис – бу тиббий психологдир. У ҳам депрессияни даволаб, ҳам характер ўзгаришларини коррекция қилиб, суицидга олиб келувчи касалликларни фаол бартараф этади. Ҳеч қачон бемор “Мен ўз жонимга қасд қилмоқчи эдим” деб суицидологга бормайди, бироқ бошқа касалликларни рўкач қилиб, тиббий психологга келади. Масалан, психиатрга беморни зўрлаб олиб борасиз, психологга эса ҳар бир инсон ўз хоҳиши билан боради, ҳеч бўлмаганда ўзини-ўзи англаши учун.
Савол: Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб юрган одамни олдиндан билиб олиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг йўллари қандай?
Жавоб: Суицидни шартли равишда 2 гуруҳга ажратиш мумкин: биринчиси − тантановор суицид, яъни ўз жонига қасд қилишни ошкор қилиб юрадиганлар; иккинчиси − яширин суицид, яъни ҳеч кимга билдирмасдан ўз жонига қасд қилувчилар. Тантанавор суицид кўпинча ўсмирларда кузатилади, агар улар ота-онаси билан уришиб қолса, “Мана кўрасизлар, ўзимни ўлдираман-у, мендан қутуласизлар” деб юришади. Одатда, ўсмирнинг бу гапига эътибор қилишмайди ёки кулиб қўйишади. Ўз жонига қасд қилувчи ўсмир гўёки шу йўл билан ота-онасидан аламини олмоқчи бўлади.
Агар у бирор-бир одамнинг жанозасига бориб қолса, “Мен ўлсам ҳам ота-онам ва қариндош-туққанлар шунақа аюҳаннос солиб йиғлашади, мени қийнаганларини эслаб боламга эътибор қилсам бўларкан, нега айтганларини қилмадим” деб куйиб-ёнишади деган фикрга қилади ва тезроқ ўз жонига қасд қилишга интилади. Шунинг учун ҳам баъзан ўз жонига қасд қилишлар кетма-кет рўй беради.
Ўз жонига қасд қилишга жазм қилган одам одамови бўлиб қолади, кам гапиради, ёлғизликка интилади, хулқ-атвори ҳам ўзгариб бораверади. У тўй ва туғилган кун каби ўйин-кулгили жойларга бормай қўяди, бироқ жаноза ва маракаларга, албатта, боришга ҳаракат қилади. Чунки у ерда одам ўлгандан кейин бўладиган воқеалар акс этади-да. У ўзини шу ўлган одам ўрнида тасаввур қилиб кўради. Ҳали айтганимдек, бу ҳолат ўз жонига қасд қилишни янада тезлаштиради.
Яширин суицид, кўпинча, ёши катталар учун хос. Баъзан бола-чақали, невара-эварали бўлиб кетган ёши улуғлар ҳам ўз жонига қасд қилишади. Бу, айниқса, қариганида доимо унинг ёнида бўлгувчи умр йўлдоши вафот этгандан кейин рўй беради. Фарзандлари ишга, неваралари мактабга кетгандан кейин энг яқин сирдошидан айрилган кекса доимо уйда ёлғиз яшай олмайди. Унинг миясига “Фарзандларим менга эътибор қилмай қўйишди, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора, менга бу ҳаётда яшашнинг не кераги бор, мен ҳам ўлсам бўлмасмиди” деган фикрлар келаверади. Уйда ёлғиз қолиб, йиғлаб ҳам олади. Албатта, ёлғиз қолган кексаларга эътибор зарур, улар билан суҳбатлашиб туриш керак.
Уларни дам олиш сиҳатгоҳларига юбориш, ҳолидан хабар олиб туриш, ҳеч бўлмаганда невараларнинг биттасини доимо бувиси ёки буваси ёнида ётиб-туришга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Боз устига, буви ёки бувадек тарбиячи кам ҳолларда топилади. Кексаларни ёлғиз қолдириб, кўнглини ўкситиш яхши эмас. Албатта, катта ёшга етган фарзандлар уларни шу даражага етказган ота-онасини хафа қилишни хоҳлашмайди, отам ёки онам уйда мазза қилиб дам олиб ётибдилар-ку деб ўйлаб, уларни эътиборсиз қолдиришади. Бироқ нохуш воқеалар доимо эътиборсизлик сабабли рўй беришини ҳам унутмайлик.
Ҳурматли кексалар! Фарзандларингиз муваффақиятларидан қувониб яшанг! Улардан хафа бўлманг. Сиз фарзандларингизни қандай яхши кўрсангиз, билингки, улар ҳам Сизни шундай ҳурмат қилишади, эъзозлашади, уларнинг Сизларга бўлган ҳурмати қалбининг тўрида жойлашган.
Савол: Ўз жонига қасд қилувчилар ҳар хил йўлларни танлашади: ўзини осиб ўлдириш, уксус ичиш, катта миқдорда дори ичиш ва ҳ.к. Ҳар ким турли йўлни танлашини қандай тушунтириш мумкин?
Жавоб: Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул. Бироқ статистик маълумотларга кўра, эркаклар орасида ўзини осиб ўлдириш кўп кузатилса, аёллар орасида кўп миқдорда дори ёки уксус ичиб, ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди. Аксар ҳолларда қайси усулни танлаш одамнинг қаерда яшаётганига ҳам боғлиқ. Масалан, қишлоқда яшайдиганлар орасида ўзини осиш кўп кузатилса, катта шаҳарда яшайдиганларда баланд бинолардан ташлаб ўлиш кўп учрайди. Уксус ичиб, ўз жонига қасд қилувчилар ҳам кўп. Шунинг учун оила зарурати учун олинган уксусни ишлатиб бўлгандан кейин тўкиб ташлаш ёки сув қўшиб қўйиш керак.
Шунингдек, уйи темир йўлларга яқин жойда жойлашганлар ўзини поезд тагига ташлаши, дарёга яқин жойда яшайдиганлар баланд қоялардан ўзини сувга ташлаши орқали ўз жонига қасд қилишади. Масалан, Японияда денгиз бўйида катта қоя бор. У “Ўз жонига қасд қилувчилар қояси” деб ном олган. Чунки ўша қоядан ўзини пастга ташлаб жон берувчилар кўп. 2009 йили уларнинг сони кўпайиб кетгани учун одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида битта отахон ўша ерга келиб ўтириб олган ва ўз жонига қасд қилиш мақсадида келганлар билан суҳбатлашиб, уларни ўз фикридан қайтаришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда ўша пайтлари “Evronews” канали ҳам кўрсатув тайёрлаган эди.
2019 йил. Бухоро Давлат университетити профессор-ўқитувчилари, талабалар ва ҳокимият фаоллари иштирокида "Суицидологиянинг долзарб муаммолари" анжуманидан лавҳалар. Проф. Ибодуллаев З.Р., проф. Баротов Ш.Р. ва бошқа олимлар маърузалари тингланди.
Савол: Аҳоли орасида суицид кўпайишига TВ, радио, интернет ёки газета ва журналлар сабабчи бўлиши мумкинми?
Жавоб: Радиони билмадим-у, қолганлари сабабчи бўлиш мумкин. Масалан, ўз жонига қасд қилиш ХХ асрнинг 60-йиллари кўпая бошлаган. Чунки бу даврда инсонлар ҳаётига телевидение жадал кириб кела бошлади. Телевизор орқали доимий равишда ҳар хил мелодрамалар кўраётган ёшу қарилар орасида ушбу кўрсатувлар суиқасднинг кўпайишига таъсир кўрсатган бўлса, ажаб эмас. Интернетнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши ҳам ёшлар орасида суиқасднинг кўпайиб кетишига сабабчи бўлди. Интернет қайси давлатда олдинроқ ва кучлироқ ривожланган бўлса, ўша давлатларда ўз жонига қасд қилувчилар сони ҳам кўп.
Афсуски, интернетда ўз жонига қасд қилиш йўлларини ўргатувчи сайтлар ҳам кўпайган. Уларга қарши ОАВда чиқишлар ёки психологлар интервьюлари эса бармоқ билан санарли. Шуни эсда тутинг: ўз жонига суиқасд қилишга интилувчи шахснинг фикри кимгадир ошкор бўлиб қолса, у бу фикридан қайтади. Бундайлар эса улар орасида 70 фоиздан ошиқ. Кўз олдингизга келтиринг, агар фаол ишланса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Афсуски, бу муаммони ошкор муҳокама қилишдан ҳанузгача қўрқамиз. Оқибатини кўриб кузатувчи бўлиб тураверамизми? Омма билан ишлаш керак!
Савол: Кино ва телесериаллар ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади дейишади. Бунга қандай қарайсиз?
Жавоб: Афсуски, ҳозирги кунда ишланаётган баъзи кинолар нафақат ўзининг сифатсизлиги, балки саёз сюжетлари билан ҳам кишини ранжитади. Менимча, сценарий ёзувчининг ўзи кучли психолог бўлиши керак. Яхшилаб эътибор қилсангиз, ушбу фильмларнинг баъзиларида ўз жонига суиқасд қилишга чорловчи сюжетлар кўп. Уларда фильм қахрамонларининг ҳис-туйғулари ва аслида рўй бериши мумкин бўлган воқелик орасида номутаносиблик бор. Фильмда рўй бераётган воқеалар кульминацион нуқтага етмасдан туриб йигит ёки қиз ўз жонига қасд қилишга уринади ёки шу ишни амалга оширади ҳам. “Ҳозир қиз ўз ёрига етиши учун курашса керак” деб кинони кўриб ўтирган томошабиннинг таъби хира бўлади-қолади. Чунки қиз ёки йигит ўз бахти учун курашиш ўрнига бошқа йўлни танлайди.
Менимча, режиссёр шу йўл билан томошабинни тўлқинлантираман деб ўйласа, у адашади. Асло ундай эмас. Эътибор беринг-а, ҳанузгача кишини тўлқинлантириб келаётган “Ўтган кунлар” фильмида Кумуш ўзи заҳар ичиб ўлмайди-ку, балки уни Зайнаб заҳарлайди. Ушбу фильмда на Кумуш заҳар ичади, на аламзада Зайнаб. Бундоқ қарасангиз Кумуш ёки Зайнаб заҳар ичиб ўз жонига қасд қилишлари мумкин эди-ку?! Агар шундай бўлганида фильм бунчалар шуҳрат қозонмаган бўлур эди. Фильм бошидан охиригача йигит ва қизни ўз бахти учун курашишга чорлайди. Ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи бадиий асарлар ва фильмлар киши ғазабини қўзғатади. “Ўткан кунлар”дан ўрнак олиш керак.
Ҳозирги кунда намойиш қилинаётган хориж телесериалларининг аксарияти ҳам ҳиссиётга бой бўлиб, 13-14 яшар йигит-қизларнинг фикрлаш доирасини 17-19 яшарлик йигит-қизларникига ўхшатиб қўймоқда. Демоқчиманки, уларнинг фикрлаш доираси патологик тарзда кенгайиб, фильм қаҳрамонларига тақлид қилиш одат тусига кирмоқда. Бу фильмларни ҳадеб кўравериш ёшларни реал ҳаётдан узоқлаштиради, улар зомбига айланади, ҳиссиётга бойиб, ақли торайиб бораверади. Ҳиссиётга берилувчан одам ақл билан иш кўрмайди.
Савол: Газеталарда ёритилаётган ҳикоялар ҳам бундан мустасно бўлмаса керак.
Жавоб: Тўғри! Афсуски, газета ва журналлардаги аксарият маълумотлар мутахассислар томонидан тайёрланмайди. Уларнинг кўпчилиги интернет ёки хориж газеталаридан кўчирилган маълумотлар. Ҳикоя, қисса ва романларда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи жойлари кўп. Демак, ёзувчи ўзи билмаган ҳолда бировнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ёзувчи ўзи тайёрлаган асарининг ушбу жойини энг зўр қисми деб ўйласа керак. Асло ундай эмас! Афсуски, асар ёзаётган ёзувчи ўз қахрамонини рўшноликка чиқариш ўрнига уни ўлдириш йўлларини излайди. Тайёр бўлган ушбу асарни ўқиётган ўқувчи ҳам рўшноликка эришиш ўрнига ўзини ўлдиришни фикр қилса-чи? Ҳикоя ёки катта асар ёзаётганлар буни бир ўйлаб кўришса яхши бўларди! Ҳамма мелодрама ёзиш билан овора. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди!
Нейропсихолог сифатида шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, ҳиссиётга эмас, фикрлашга мажбур қиладиган асар кишини тўлқинлантиради ва узоқ вақт эслаб қолинади. Уильям Шекспир, Агата Кристи, Ўткир Хошимов ва Шароф Бошбековнинг асарлари бунга мисол бўла олади. Қизиқ, Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчиларнинг асарлари бундоқ қарасангиз, гўёки оддийдек туюлади. Масалан, “Чол ва денгиз” асари. Унда нега улар барча давлатлар ва элатларда улкан олқишларга сазовор бўлишган. Чунки бундай асарлар ҳар қандай даврда яшаган инсонлар қалбини забт этган ва ҳеч қачон ўлмайдиган асарлар!
Савол: Ўз жонига қасд қилиш яқин қариндош-туққанлар орасида кўп кузатилгани ва ушбу ҳолат наслдан-наслга ўтиш-ўтмаслиги ҳақида сўрашган. Бу саволга қандай жавоб берган бўлар эдингиз?
Жавоб: Умуман олганда, инсонда мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолат наслдан-наслга ўтиши мумкин. Одамнинг овози, хулқ-атвори ва ҳ.к. Суицидга мойиллик одамнинг темпераментига ҳам боғлиқ. Масалан, меланхоликлар (журъатсиз, бировга қарам одамлар) суиқасдга мойил бўлишади. Лекин улар ер шарида кам тарқалган, яъни 3-5 % холос. Анави одамнинг отаси ёки онаси ўз жонига қасд қилди, энди унинг фарзандлари ҳам шу йўлдан боради деган фикр пайдо бўлмаслиги керак. Чунки суиқасд кўпинча тақлид кўринишда ҳам рўй беради. Яқинидан жудо бўлгандан кейин у ҳам “Мен нима қиламан яшаб?” деб ўз жонига қасд қилиб қўйиши мумкин.
Савол: Стресс билан суиқасд орасида қандай боғлиқлик бор? Баъзан қаттиқ стрессга учраб ўзини-ўзи ўлдириб қўйибди деб эшитиб қоламиз.
Жавоб: Жуда тўғри савол бердингиз! Ҳали айтиб ўтганимдек, “соғлом” одамларда учрайдиган суицидлар ўткир ёки доимий стресслар натижасида рўй беради, яъни стресс ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади. Умуман олганда, аксарият касалликларнинг бошланиб кетишига асосий туртки бўладиган омил ҳам стресс. Масалан, гипертония касаллиги билан хасталанганларнинг барчасида ҳам инсульт ёки инфаркт ривожланавермайди-ку?! Бироқ ўткир стресс инсульт ва инфарктга туртки бўлади.
Савол: Ҳозирда ўз жонига қасд қилишни хаёл қилиб юрганлар бўлса, уларни ушбу йўлдан қайтариш учун қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
Жавоб: Демак, ҳали айтиб ўтганимдек, суицид “соғлом” кишиларда ҳам, депрессия касаллигида ҳам кузатилиши мумкин. Ўзи соғлом бўлса-да, ўз жонига қасд қилишга уриниб юрганларга қуйидаги маслаҳатларни берган бўлур эдим:
1. Ўта ўжарлар учун маслаҳат: “Мен ҳеч қандай маслаҳатга юрмайман, барибир ўз жонимга қасд қиламан, бу фикримдан ҳечам қайтмайман” дегувчилар бўлса, ўша фикрингизни тиббий психолог ва психотерапевтга албатта айтинг. Балким вазият Сиз ўйлаганча оғир эмасдир.
2. Иккиланиб юрганлар учун маслаҳат: “Мен ўз жонимга қасд қилмоқчи эмасдим, ҳаммасига бошқалар айбдор” деб юраётганлар, яъни вазият яхши бўлса, суицидни амалга оширмайдиганлар учун маслаҳат. Ўз жонига қасд қилувчилар ичида Сизлар кўпчиликни ташкил қиласиз. Демак, шундай экан, дардингизни яқинларингиз билан баҳам кўринг, муаммони ота-онангиз билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг, улар Сизни тушунишмаса, Сизни яхши кўрадиган аммангиз, холангиз, тоғангиз, акангиз ёки опангизга мақсадингизни айтинг. Сиз ота-онангизга тушунтириб бера олмаган дардингизни ўша қариндон-туққанлар албатта ечимини топиб беради. Чунки каттанинг тилини катта тушунади. Энг яхши кўрган ва ўзингиз ишонадиган дўстингиз олдига боринг, психологга мурожаат қилинг. Чунки вазият яхши томонга ўзгарса, ўз жонингизга қасд қилмоқчи эмассиз-ку.
3. Мен ўзим ишлаб чиққан ва ўзим ҳар доим амал қиладиган битта қоида ҳақида “Маданият ва маърифат” каналида айтувдим: “Шундай бўлиши керак эди, шундай бўлмаслиги мумкин эди” деган қоида. Яъни Сиз билан бирор бир ёмон воқеа рўй берса – “Шундай бўлиши керак эди” деб ўша нохуш воқеани унутишга ҳаракат қилинг. Ушбу қоиданинг “Шундай бўлмаслиги мумкин эди” деган қисми Сиз билан бўлган воқеани танқидий таҳлил қилишга ундайди ва шунга ўхшаш ҳолатнинг қайталанишининг олдини олади! “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Бухородаги мактабда фоҳишахона ташкил қилган 62 ёшли қоровулга ҳукм ўқилди
Исроил мудофаа вазири: ‘Ҳизбуллоҳ’ аллақачон мағлуб бўлган
Японлар қишда уйларини қандай иситадилар?
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди