Реклама қонунчилигини бузган 12 нафар блогер жавобгарликка тортилди

Реклама қонунчилигини бузган 12 нафар блогер жавобгарликка тортилди

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда реклама қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирмоқда. Айни пайтда 110 нафар блогернинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари ҳар куни мониторинг қилиб борилмоқда.

Қўмита маълумотига кўра, ўтказилган текширувлар давомида 12 нафар блогер «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига зид реклама материалларини жойлаштиргани аниқланган. Уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Шунингдек, эндиликда таниқли қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги реклама билан боғлиқ чиқишлари ҳам мунтазам мониторинг қилинмоқда. Бунинг учун кенг жамоатчиликка танилган шахслар рўйхати шакллантирилган.

Рақобат қўмитаси реклама берувчилар, уни тайёрловчилар ва тарқатувчилар, жумладан, блогерлар ҳамда машҳур шахсларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди. Реклама материаллари ҳаққоний ва ишончли бўлиши, истеъмолчиларни чалғитмаслиги ҳамда маҳсулот ёки хизмат ҳақида нотўғри тасаввур уйғотмаслиги лозим.

Қўмита қонунчилик талабларини билмаслик ёки уларга бепарво муносабатда бўлиш жавобгарликдан озод қилмаслигини эслатди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар