MrBeast Самарқанддаги воқеадан кейин Ўзбекистондан кетиб қолдими?

Ижтимоий тармоқларда машҳур америкалик блогер MrBeast Самарқандда мухлислар тўпланиши ортидан хавфсизлик сабаб Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто CNN телеканалининг Instagram саҳифасида ҳам Самарқанддан олинган кадрлар эълон қилиниб, блогер жамоаси сафарни бекор қилиши мумкинлиги айтилди. Аммо Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ушбу хабарларга расмий изоҳ берди.
Жамғарма маълумотига кўра, Жимми Дональдсоннинг Ўзбекистонга ташрифи бошиданоқ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини қамраб олиши режалаштирилган. Сафар дастури MrBeast жамоаси билан олдиндан келишилган ва тасдиқланган жадвал асосида ташкил этилган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, ташриф дастуридаги ҳеч бир банд бекор қилинмаган. Блогернинг Ўзбекистондан жўнаб кетиш санаси ҳам аввалдан белгиланган бўлган. Шунингдек, суратга олиш гуруҳининг бошқа аъзолари режага мувофиқ мамлакатнинг бошқа ҳудудларида тасвирга олиш ишларини давом эттирмоқда.
Жамғарма Тошкент ва Самарқанд аҳолиси ҳамда меҳмонларига MrBeast ва унинг жамоасини илиқ кутиб олгани учун миннатдорлик билдирган. Ташрифга оид қўшимча маълумотлар расмий каналларда эълон қилиниб борилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, MrBeast 9 октябрь куни Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган оммавий тадбир доирасида Тошкентга келган эди.
Жимми Дональдсон YouTube’даги йирик бюджетли видеолари, турли мусобақалари ва катта пул мукофотлари билан машҳур. Унинг каналларига жами 500 миллиондан ортиқ фойдаланувчи обуна бўлган. Блогер хайрия лойиҳаларидаги иштироки билан ҳам танилган.






























Изоҳлар 0
…