08:00 / 15.08.2021
1 227

«Афғонистондаги вазият юмшаб, Ўзбекистон манфаатлари ва тинчлиги йўлида ҳал бўлишидан умидвормиз» — сенатор Алишер Саъдуллаев

«Афғонистондаги вазият юмшаб, Ўзбекистон манфаатлари ва тинчлиги йўлида ҳал бўлишидан умидвормиз» — сенатор Алишер Саъдуллаев
Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви Президент Шавкат Мирзиёевни бежиз хавотирга солмагани янада ойдинлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенати аъзоси, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев 14 август куни, Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳри устидан назорат «Толибон» ихтиёрига ўтиб, афғон ҳукумат кучлари Ўзбекистон томон қочаётгани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг фикр билдирди.

Маълумотларга кўра, Афғонистон мудофаа ва хавфсизлик кучлари ҳукуматнинг шимолдаги сўнгги таянчи ҳисобланган Мозори-Шариф шаҳрини деярли жангсиз «Толибон»га топширган. Ҳарбий хизматчилар ва фуқароларнинг катта гуруҳи Ўзбекистон чегараси олдида йиғилган, Ўзбекистон томондан чегаранинг очилишини кутмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Афғонистондаги ўзбеклар етакчиси маршал Абдурашид Дўстум вертолётда Ўзбекистонга қочиб ўтган.

- "Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасидаги муносабатнинг кескинлашуви бежизга Президентимизни хавотирга солмаганлиги янада ойдинлашмоқда.

Узоқни ўйлаб, бир неча бор икки тараф билан ҳам музокаралар олиб борилди. Тошкентда ҳам бу мавзу юқори минбарларда бежизга муҳокама қилинмади.

Вазият юмшаб, Ўзбекистон манфаатлари ва тинчлиги йўлида ҳал бўлишидан умидвормиз. Тинчлик бўлсин.", - деди сенатор, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.

Қайд этиш жоиз, Афғонистонда, шунингдек, Термиз остонасида (чегарада) юзага келган вазият юзасидан Ўзбекистон томони ҳозирча бирор расмий муносабат билдиргани йўқ. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистондаги вазият билан боғлиқ сўнгги (июнь ойи охирида берилган) баёнотида «Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом эттириш, нейтралитетни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлиги»ни қатъий маълум қилинган эди.

Маълумот учун, Тошкентда 2018 йил мартида Афғонистон масаласида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида халқаро конференция, 2021 йил июлида эса «Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция ўтказилган эди. Ҳар иккала тадбирда Афғонистон президенти Ашраф Ғани қатнашган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Афғонистондаги вазият юмшаб, Ўзбекистон манфаатлари ва тинчлиги йўлида ҳал бўлишидан умидвормиз» — сенатор Алишер Саъдуллаев
[/banner_pushhouse