Озода Нурсаидовага аслида нима бўлган? Шифокор барча тафсилотларни очиқлади (видео)

Озода Нурсаидовага аслида нима бўлган? Шифокор барча тафсилотларни очиқлади (видео)

Хонанда Озода Нурсаидова бошидан кечирган жарроҳлик амалиёти тафсилотлари маълум бўлди. Санъаткорни операция қилган нейрохирург Маҳкамжон Маҳкамов унинг қандай касаллик сабаб шифохонага ётқизилгани ва ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот берди.

Шифокорнинг айтишича, хонанда шифохонага кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва умумий ҳолсизлик шикоятлари билан шошилинч мурожаат қилган. Текширувлар, жумладан, МРТ натижасида унда субдурал гематома, яъни мия пардалари орасида қон тўпланиши аниқланган.

Жарроҳнинг тушунтиришича, бундай ҳолат кўпинча бош жароҳати оқибатида юзага келади. Бироқ айрим вазиятларда кучаниш ёки веноз босимнинг ошиши ҳам қон томирининг ёрилишига сабаб бўлиши мумкин. Шифокор хонанданинг ҳолатида ҳам жисмоний зўриқиш эҳтимолий омиллардан бири бўлганини қайд этган.

Озода Нурсаидовага краниотомия операцияси ўтказилиб, тўпланган қон олиб ташланган. Шундан сўнг у ўн кун давомида шифокорлар назоратида бўлган.

Мутахассиснинг маълумотига кўра, ҳозирда хонанданинг аҳволи яхши, неврологик нуқсонлар аниқланмаган. Касалликнинг қайталаниш эҳтимоли ҳам жуда паст. Шифокор унинг тахминан бир ярим ойдан сўнг иш фаолиятига қайтиши мумкинлигини билдирган.

Озода Нурсаидова ҳам аввалроқ ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида ўзини анча яхши ҳис қилаётганини айтиб, шифокорлар ва уни қўллаб-қувватлаган мухлисларига миннатдорлик билдирган эди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар