
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2-турида “Интер” ва Япониянинг “Урава Ред Даймондс” жамоалари ўртасидаги баҳс футбол мухлисларига драмали паллалар, тўлиқ интрига ва кутилмаган натижа улашди. АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги “Люмен Филд” стадионида бўлиб ўтган учрашувда Италия гранди сўнгги дақиқаларда киритилган гол эвазига муҳим ғалабага эришди.
Беллашувни мавританиялик ҳакам Дахане Бейда бошчилигидаги бригада олиб борди. Ўйин бошланиши биланоқ жангавор кайфият устунлик қилди ва “Урава Ред Даймондс”нинг фаол ҳаракати натижа берди — 11-дақиқада японлар таркибида Рема Ватанаби ҳисобни очди. Бу голдан кейин “Интер” жамоаси учрашувга тўлиқ устунлик қилишга ҳаракат қилди, бироқ “Урава”нинг ҳимоя чизиғи узоқ вақтгача мустаҳкам турди.
Баъзи вазиятларда “нерадзуррилар” тажрибаси, тўпни назорат қилиш маданияти ва техник салоҳияти катта аҳамият касб этди. Кутилган энг муҳим бурилиш 78-дақиқада юз берди — Лаутаро Мартинес дарвозани аниқ нишонга олди ва ҳисоб тенглашди. Учрашувдаги драманинг энг юқори нуқтаси эса иккинчи бўлимнинг қўшилган вақтларига тўғри келди: 90+2-дақиқада Валентин Карбони ўз имкониятини қўлдан бой бермади ва ғалаба тўпини киритди.
Шу тариқа “Интер” E гуруҳида 4 очко билан пешқадамликни қўлга киритди. Япониянинг “Урава Ред Даймондс”и эса иккинчи ўйинда ҳам мағлубиятга учраб, ҳозирча очко тўплай олгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, биринчи турда италияликлар Мексиканинг “Монтеррей”ига қарши дуранг ўйнаган (1:1) бўлса, “Урава” Аргентинанинг “Ривер Плейт”ига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Маълумот учун, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2025 йил 15 июндан 13 июлгача АҚШда ўтмоқда. 32 та жамоа 8 гуруҳга бўлинган ва ҳар бир квартетдан энг кучли икки жамоа плей-оффга йўл олади. Ҳозирча “Интер” ўз гуруҳида етакчилик қилмоқда ва кейинги босқич учун имкониятларни ошириб бормоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар