
CAFA Nations Cup 2025 мусобақаси 29 августдан 8 сентябрга қадар ўтказилиши режалаштирилган. Бироқ ушбу беллашувлар бошланишидан аввалоқ турнир таркибида ўзгариш юз берди — Малайзия терма жамоаси мусобақада иштирок этмаслигини маълум қилди.
Малайзия термаси бош мураббийи Питер Чкламовскининг сўзларига қараганда, жамоанинг асосий футболчилари Испания, Аргентина, Япония ва Колумбия каби йирик лигаларда тўп суришади. Шу боис, уларни ФИФА кунлари бошланишидан аввал Тожикистонга етказиш логистика ва жисмоний тикланиш нуқтаи назаридан жуда мураккаб жараёнга айланади.
— Мусобақа ФИФА расмий саналаридан олдин ташкил этилаётгани сабабли, таркибни тўлиқ шакллантириш имконсиз. Бу, ўз навбатида, тайёргарликка, тикланишга ва бюджетимизга салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, биз сентябрда Куала-Лумпурда йиғин ўтказиб, келгуси ойлардаги ҳал қилувчи ўйинларга жиддий тайёргарлик кўрамиз, — деди Чкламовски.
Эслатиб ўтамиз, қуръа натижаларига кўра Малайзия "B" гуруҳидан жой олган ва Эрон, Тожикистон ҳамда Афғонистонга қарши майдонга тушиши керак эди. Ушбу гуруҳ учрашувлари Тожикистонда ўтказилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий терма жамоаси "A" гуруҳидан ўрин олган. Мазкур гуруҳ баҳслари Тошкентда бўлиб ўтади. "Оқ бўрилар" Қирғизистон, Туркманистон ва Ўмон термаларига қарши кураш олиб боришади.
Малайзиянинг мусобақадан чиқиб кетиши "B" гуруҳдаги баҳсларга таъсир кўрсатиши, жадвал ва тақвимда ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. CAFA расмийлари эса яқин кунларда бу борада расмий баёнот беришлари кутилмоқда.
Турнир олдидан юз берган бу янгилик мухлислар ва таҳлилчилар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Аммо шубҳа йўқки, қолган термалар мусобақани юқори савияда ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар