Инфантино босимда: Блаттер ФИФА раҳбарлиги учун аёл номзодни айтди

Ёзеф Блаттер Жанни Инфантино ўрнига Норвегия футбол ассоциацияси раҳбари Лисе Клавенессни муносиб номзод деб атади, бироқ Клавенесс ҳозирча FIFA президентлигига номзодини еълон қилмаган. Блаттер уни принсипларига содиқ ва мустақил раҳбар сифатида таърифлаб, FIFAни аёл бошқарадиган вақт келганини айтди.
ФИФА раҳбарияти атрофидаги инқироз янги босқичга чиқди. Ташкилотнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер Жанни Инфантино ўрнига Норвегия футбол ассоциацияси раҳбари Лисе Клавенесс муносиб номзод бўлиши мумкинлигини айтди.
Клавенесс ҳозирча ФИФА президентлиги учун курашишини эълон қилгани йўқ. Бироқ Блаттернинг баёноти халқаро футболда Инфантинонинг муқобилини излаш жараёни очиқ тус олаётганини кўрсатди.
Блаттер танловини нима билан изоҳлади?
Йозеф Блаттер Х ижтимоий тармоғида Клавенессни принципларига содиқ ва мустақил позицияга эга раҳбар сифатида таърифлади.
«Лисе Клавенесс энг юқори ҳурматга лойиқ. У доимо аниқ позиция билдирган ва ҳеч қачон оқимга эргашмаган. ФИФАни аёл бошқарадиган вақт келди», — деб ёзди Блаттер.
Собиқ раҳбарнинг бу сўзлари расмий номзод кўрсатиш ҳисобланмайди. ФИФА президентлиги учун даъвогар белгиланган муддатда ариза бериши ва ташкилотга аъзо федерацияларнинг етарли қўллаб-қувватловини тўплаши керак. Клавенесснинг ўзи эса ҳозирча сайловда қатнашиш нияти бор-йўқлигини очиқламаган.
Лисе Клавенесс ким?
45 ёшли Клавенесс Норвегия футбол ассоциацияси президенти ҳисобланади. Собиқ футболчи Норвегия терма жамоаси сафида 73 та ўйин ўтказган, кейин ҳуқуқшунос, судья ёрдамчиси ва футбол раҳбари сифатида ишлаган. У 2022 йилда Норвегия футболини бошқарган биринчи аёл бўлган.
Клавенесс халқаро футболдаги инсон ҳуқуқлари, шаффофлик ва раҳбарларнинг ҳисобдорлиги масалаларида кескин позицияси билан танилган. У 2022 йилги ФИФА конгрессида Қатардаги меҳнат шароитлари, жинсий озчиликлар ҳуқуқлари ва жаҳон чемпионати мезбонини танлаш жараёнини очиқ танқид қилганди.
У Инфантинонинг аввалги сайловида ҳам Норвегия унга овоз бермаслигини очиқ айтган кам сонли миллий федерация раҳбарларидан бири бўлган.
Инфантино нега кучли босим остида қолди?
ФИФА президенти атрофидаги янги можаро жаҳон чемпионатининг келажакдаги тижорий даромадларини хусусий инвесторлар иштирокидаги алоҳида тузилмага ўтказиш режаси ортидан бошланди.
Режа орқали янги компаниянинг 20 фоиз улушини сотиб, 4,2 миллиард доллар жалб қилиш кўзланган. Бироқ УЕФА ва бошқа футбол ташкилотлари бу ғоя ФИФА назорати ҳамда жаҳон чемпионати даромадларига хавф туғдиришини билдиргач, лойиҳа тўхтатилди. УЕФА ФИФАни судга бериш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Инфантино шу воқеалар ортидан Марокашда ФИФА раҳбарияти ва футбол маъмурлари билан шошилинч музокаралар ўтказмоқда. У Европа, Осиё ва Шимолий Америкада сусайган қўллаб-қувватлов ўрнини Африка ҳамда бошқа минтақалар овозлари билан тўлдиришга уринмоқда. Айрим етакчи африкалик амалдорлар уни очиқ қўллаб-қувватлади, аммо Африка футбол конфедерацияси ҳали ягона расмий позиция билдиргани йўқ.
Бойкот ҳақидаги хабарлар қанчалик жиддий?
УЕФАга аъзо федерациялар можаро авж олган пайтда ФИФА тадбирларини бойкот қилиш имкониятини муҳокама қилган. Европа футбол ташкилоти айни пайтда 2027 йилги сайлов учун Инфантинога муқобил номзод топиш устида ишлаётгани хабар қилинмоқда.
CONCACAF ва Осиё футбол конфедерацияси доирасида ҳам Инфантинонинг лойиҳасига норозилик бор. Бироқ бу ташкилотлар томонидан барча аъзолар номидан расмий ишончсизлик вотуми эълон қилингани йўқ. Осиёдаги айрим таъсирли мамлакатлар ҳали ҳам амалдаги ФИФА раҳбарини қўллаб-қувватламоқда.
Шу сабаб ҳозирча ФИФА мусобақаларининг муқаррар бойкоти ҳақида эмас, раҳбарият алмашмаса қўлланиши мумкин бўлган сиёсий босим воситалари ҳақида гап кетмоқда.
Ҳал қилувчи сана — 18 ноябрь
ФИФА президентлиги учун навбатдаги сайлов 2027 йил 18 март куни Марокашнинг Работ шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Муқобил номзодлар 2026 йил 18 ноябргача ҳужжатларини топшириши керак.
Инфантино учинчи ва сўнгги тўлиқ муддат учун сайланишни режалаштирмоқда. Аммо унинг мавқеи аввалгидай мустаҳкам эмас: бир қатор федерациялар қўллаб-қувватловини қайтариб олмоқда, ФИФА ичидаги айрим юқори лавозимли ходимлар эса хусусийлаштириш режасини танқид қилди.
Клавенесс номзодини илгари суриш ғояси ҳозирча Блаттернинг шахсий ташаббуси бўлиб турибди. Лекин ноябргача у ёки бошқа кучли футбол раҳбари расман майдонга чиқса, ФИФАда кўп йиллардан бери кузатилмаган ҳақиқий сайлов рақобати бошланиши мумкин. Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани спорт ишқибозларига Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқларда улашинг!































Изоҳлар 0
…