date

ФИФА янги офсайд қоидасини синовдан ўтказмоқда

ФИФА янги офсайд қоидасини синовдан ўтказмоқда

Жаҳон футболида катта ўзгаришлар даври бошланмоқда. FIFA томонидан «ёруғлик офсайди» (daylight offside) деб номланган мутлақо янги талқин расман тақдим этилди. Бу янгилик футбол қоидаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ушбу ташаббус муаллифи — ФИФАнинг глобал футбол ривожи бўйича раҳбари Арсен Венгер ҳисобланади. Унинг фикрича, янги ёндашув ўйинни янада адолатли, тезкор ва томошабоп қилишга хизмат қилади.

Янги қоидага кўра, ҳужумчи футболчи фақат ҳимоячидан тўлиқ ўзиб кетган ҳолатдагина «ўйиндан ташқари» деб топилади. Яъни, икки футболчи ўртасида аниқ кўринадиган масофа — «ёруғлик» бўлиши шарт. Агар ҳужумчининг гол уришга рухсат этилган танасининг исталган қисми ҳимоячи билан бир чизиқда бўлса, унда офсайд қайд этилмайди.

Бу эса амалда ҳужумчилар учун катта устунлик яратади. Илгари сантиметрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган вазиятларда гол бекор қилиниши мумкин эди. Энди эса бундай баҳсли ҳолатлар камайиши, голлар сони эса ортиши кутилмоқда.

Арсен Венгер бу лойиҳани муҳим эксперимент сифатида баҳолади:
«Бу жуда аҳамиятли синов. Янги талқинни профессионал мусобақаларда текшириш орқали унинг ўйин динамикасига, аниқликка ва ҳужумкор футболни ривожлантиришга қандай таъсир қилишини яхшироқ тушунамиз», — деди у.

Шу билан бирга, яна бир янгилик — Football Video Support (FVS) тизими ҳам илк бор амалда синовдан ўтказилади. Бу тизим тўлиқ VAR ўрнини босмайди, балки унинг соддалаштирилган кўриниши ҳисобланади.

FVS орқали бош мураббийлар ўйиндаги баҳсли эпизодларда — гол, пенальти, қизил карточка ёки нотўғри жазо ҳолатларида чекланган миқдорда видео кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун мураббий махсус картани дарҳол тўртинчи ҳакамга тақдим этиши керак.

Мутахассислар фикрича, бу тизим ҳакамлар қарорларининг адолатлилигини оширишга хизмат қилади, бироқ ўйинни ортиқча тўхтатиб қўймаслик учун чекланган имкониятларга эга бўлади.

Маълум қилинишича, ушбу янги қоидалар ва технологиялар илк бор Канада чемпионати доирасида амалиётда синаб кўрилади.

Футбол мухлислари эса аллақачон қизиқиш билан кузатмоқда: янги офсайд қоидаси ўйинни янада жонлантирадими ёки аксинча, янги баҳсларга сабаб бўладими — буни вақт кўрсатади. Бир нарса аниқ: футбол яна ўзгариш остонасида турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » ФИФА янги офсайд қоидасини синовдан ўтказмоқда