Нега уни Ламин Ямал деб аташади? Футболчи исмининг тарихи

Ламин Ямал ҳақида тарқалган бир маълумот кўпчиликни қизиқтирмоқда. Гап шундаки, «Ямал» унинг фамилияси эмас. Футболчининг тўлиқ исми Ламин Ямал Насрауи Эбана бўлиб, Насрауи отаси томонидан, Эбана эса онаси томонидан ўтган фамилия саналади.
Испан ОАВларида ёзилишича, Ламиннинг ота-онаси фарзандли бўлишидан олдин қийин молиявий даврни бошдан кечирган. Шу пайтда уларга Ламин ва Ямал исмли икки инсон ёрдам берган. Айрим манбаларда улар оилага ижара пули билан боғлиқ вазиятда кўмаклашгани айтилган.
Ота-она бу ёрдамни унутмаган. Улар фарзандли бўлса, болага ўша икки инсоннинг исмини қўйишга қарор қилган. Кейинчалик дунёга келган ўғилга Ламин Ямал деб исм берилган.
Бугун у футбол оламида айнан шу икки исм билан танилган. Аммо расмий тартибда унинг фамилиялари Насрауи ва Эбана ҳисобланади. Бу Испанияда кенг тарқалган анъана: бола одатда отаси ва онасининг фамилиясини бирга олади.
Ламин Ямалнинг оиласи ҳам турли маданий илдизларга эга. Отаси Монир Насрауи марокашлик, онаси Шейла Эбана Экваториал Гвинеядан. Футболчининг ўзи Каталонияда туғилиб ўсган ва Испания терма жамоаси сафида ўйнашни танлаган.
Шу боис «Ламин Ямал ота-онасининг фамилияси эмас экан» деган гап тўғри. Бу унинг исми бўлиб, оиласи ҳаётида муҳим ўрин тутган икки инсонга миннатдорлик рамзи сифатида қўйилган.































Изоҳлар 0
…