Қозоғистонда 7 минг йиллик ноёб қабристонлар топилди

Қозоғистонда 7 минг йиллик ноёб қабристонлар топилди

Қозоғистоннинг Қостанай вилоятида археологлар томонидан тош даврига оид ноёб дафн жойлари аниқланди. Аҳмад Бойтурсинов номидаги Қостанай минтақавий университети экспедицияси Овулкўл туманида жойлашган Шили археологик ёдгорлигида милоддан аввалги VII–V минг йилликларга мансуб учта қадимий қабристонни топди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, топилмалар қадимги Маҳанжар маданиятига тегишли бўлиб, улар қадимги турар жойларнинг пол қисми остида аниқланган. Археологлар ҳудудда олиб борган қазиш ишлари давомида бир нафар бола ва икки нафар катта ёшли инсоннинг дафн қилинган қолдиқларини топишга муваффақ бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай даврга мансуб қабристонлар жуда кам учрайди. Археолог Ирина Шевнинанинг фикрича, мазкур топилма нафақат Қостанай вилояти, балки бутун Қозоғистон археологияси учун ҳам муҳим илмий кашфиёт ҳисобланади.

To'lqinsimon chiziqli qadimiy sopol parchasi qo'lda ushlab turilibdi.

Экспедиция давомида тош ва суякдан ясалган меҳнат қуроллари, сопол идишлар, қадимий безак буюмлари ҳамда турли археологик ашёлар ҳам аниқланган. Шунингдек, олимлар Маҳанжар маданиятига тегишли қадимги ярим ертўла уй-жой қолдиқларини ҳам ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, қадимги одамларни уй полининг остига дафн қилиш анъанаси Марказий Осиёнинг айрим неолит даври маданиятларида ҳам учраган. Янги топилмалар орқали олимлар ўша давр одамларининг турмуш тарзи, диний эътиқодлари, урф-одатлари ва ижтимоий ҳаёти ҳақида янада кенгроқ маълумотларга эга бўлишни режалаштирмоқда.

Айни пайтда қазиш ва илмий тадқиқот ишлари давом этмоқда. Мутахассислар топилган қолдиқлар ва археологик ашёларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг аниқ ёши, келиб чиқиши ҳамда тарихий аҳамиятини белгилаш устида иш олиб бормоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар