Крузейро ҳужумчисининг тақдимотдаги ноқулай вазияти ижтимоий тармоқларни лунж қилди

Неом клубидан Крузейрога ижара асосида ўтган 23 ёшли ҳужумчи Лучиано Родригеснинг тақдимот маросимидаги ноқулай вазияти ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. У севгилиси, модел Антонела Чаваляни қучоқлаб, ўпмоқчи бўлганида, қиз саҳнадан шошилиб чиқиб кетган ва футболчи омма олдида довдираб қолган.
Футбол оламида янги жамоага ўтиш маросимлари кўпинча ёрқин хотиралар ва қувончли лаҳзаларга бой бўлади. Бироқ Саудия Арабистонининг Неом клубидан Бразилиянинг Крузейро жамоасига ижара асосида кўчиб ўтган ҳужумчи Лучиано Родригес учун бу кун кутилмаган шармандалик билан ёдда қоладиган бўлди. Goal.com хабар беришича, 23 ёшли уругвайлик футболчининг расмий тақдимот маросимидаги бир лавҳа ижтимоий тармоқларда зудлик билан оммалашиб кетди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Крузейро сафига қўшилиб, шартнома имзолаганидан сўнг саҳна узра мухлислар ва ОАВ вакиллари қаршисига чиққан Лучиано Родригес ёнига ўзининг севгилиси, модел Антонела Чаваля ҳам ташриф буюрди. Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги туфайли кўпчилик томонидан «Уругвайлик Ким Кардашян» деб аталадиган моделнинг маросимдаги ҳаракати барчани ажаблантирди. Футболчи севгилисини қучоқлаб, унинг юзидан ўпишга ҳаракат қилган вақтда, қиз тўсатдан саҳнадан шошилиб чиқиб кетди.
Натижада Лучиано Родригес омма олдида ноқулай аҳволда қолиб, ўзини йўқотиб қўйди ва вазиятни юмшатишга уриниб, бошини қашлаган ҳолда жавдираб қолди. Ушбу видеолавҳа қисқа фурсат ичида интернет тармоғида кенг тарқалиб, миллионлаб томошабинлар эътиборини тортди. Мухлислар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари жуфтлик ўртасида жиддий келишмовчилик юзага келгани ҳақида турли тахминларни илгари суришди.
Ижтимоий тармоқ юлдузининг тушунтириши
Интернетда авж олган қизғин муҳокамалардан сўнг, 170 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Антонела Чаваля юзага келган тушунмовчиликка ойдинлик киритишга мажбур бўлди. У жуфтлик ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқлигини қатъий таъкидлаб, ўзининг қилиғини катта футбол клубидаги юқори босимли муҳит билан изоҳлади.Модел ўз баёнотида вазиятни қуйидагича изоҳлади: «Мен саҳнага кирганимда уни табрикладим, чиққанимда эса жуда ҳаяжонланиб кетгандим. Бу лаҳза мени ўз домига тортиб олди ва мен унга бироз жой қолдиришни маъқул кўрдим. Бу ерда ҳеч қандай ҳурматсизлик ёки одамлар ўйлагандек бошқа салбий ҳолат бўлгани йўқ».
Крузейро ва олдиндаги синовлар
Крузейро мухлислари майдон ташқарисидаги бу каби майда кўнгилсизликлар Лучиано Родригеснинг ўйинига салбий таъсир кўрсатмаслигига умид қилишмоқда. Ҳозирги кунда Бразилия чемпионати турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб турган жамоа пешқадам Палмейрасдан 15 очко ортда қолмоқда. Уругвай терма жамоасининг жаҳон чемпионати учун 23 кишилик кенгайтирилган таркибига кира олмаганига қарамасдан, Родригес ўз фаолиятида янги саҳна очишни мақсад қилган.Аввалроқ Сандерленд клубининг ҳам қизиқишлар доирасида бўлган ҳужумчи Жанубий Американинг энг рақобатбардош чемпионатларидан бирида ўзини синаб кўриш учун Бразилияни танлади. Унинг янги жамоадаги дебюти жуда тез фурсатларда, яни шу ҳафта содир бўлиши мумкин. Крузейрони олдинда Бразилия футболи учун муҳим бўлган ва кучли рақиблардан бири – Фламенгога қарши Копа Либертадорес турнирининг қизғин баҳси кутиб турибди.






























Изоҳлар 0
…