Ювентус учун дарвозабон излаш ишлари яна бошидан бошланди

Ювентус Зион Suzuki билан трансфер бўйича келишув деярли ҳал бўлганига қарамай, футболчининг Пари Сен-Жермен лойиҳасини қабул қилмагани сабабли дарвозабон излашни қайта бошлади. Музокаралар расман бекор қилингани эълон қилинмаган, бироқ клуб муқобил вариантларни кўриб чиқмоқда. Тоттенхем дарвозабони Гуглиелмо Викарио яна асосий номзодлар қаторига кўтарилди, аммо у Лусиано Спаллетти учун биринчи танлов эмас.
Италиянинг Ювентус клуби трансфер бозорида кутилмаган қийинчиликка дуч келди ва асосий дарвозабон позицияси учун номзодларни қидиришни нолдан бошлашга мажбур бўлмоқда. Мавсум якунланишидан аввал бошланган музокаралар якуний босқичга етган ва Пари Сен-Жермен дарвозабони Зион Suzuki билан келишув деярли ҳал бўлган эди. Бироқ сўнгги дақиқаларда юзага келган кескин ўзгаришлар мазкур трансфернинг барбод бўлиш хавфини юзага келтирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ил Бианконеро нашри муҳаррири Ромео Агрести тарқатган маълумотларга кўра, тунда икки клуб ўртасидаги ижобий мулоқотлар якунига етган ва Турин клуби фақат якуний тасдиқни кутаётганди. Пари Сен-Жермен футболчини Парма сафидан сотиб олиб, тўғридан-тўғри ижара асосида бериши режалаштирилган эди. Ҳатто айрим манбаларда тиббий кўрик санаси ҳам белгилаб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқатилганди.
Трансфер нима сабабдан тўхтаб қолди?
Бироқ кутилмаган тўсиқ футболчининг ўзидан чиқди. Зион Suzuki Париж клуби ўзи учун тайёрлаган спорт лойиҳасини охиригача қабул қилмагани сабабли, кутилган ижобий жавоб келиб тушмади. Натижада музокаралар жараёни кескин секинлашди ва трансфер деярли тўхтаб қолиш нуқтасига келиб қолди. Мазкур вазият мураббий Луциано Спаллетти режаларига жиддий ўзгартиришлар киритишни талаб қилмоқда.Гарчи келишув тўлиқ барбод бўлгани расман эълон қилинмаган бўлса-да, Ювентус раҳбарияти вақтни бой бермасдан муқобил вариантларни кўриб чиқишга киришди. Клуб трансфер бозорида фаол ҳаракатни тиклаб, янги посбонни таркибга қўшиш учун қидирув ишларини бошлаб юборди. Бу эса Турин жамоасининг ёзги трансфер ойнасидаги стратегиясига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.
Янги номзодлар ва устувор йўналишлар
Вазият ўзгаргач, Тоттенхем дарвозабони Гуглиелмо Викарио яна трансфер рўйхатининг энг юқори қисмига кўтарилди. Тез орада Лондон клуби билан алоқалар қайта тикланиши кутилмоқда. Шунга қарамай, италян посбони Луциано Спаллетти учун биринчи рақамли афзал кўрилган вариант эмаслиги таъкидланмоқда.Агар Гуглиелмо Викарио бўйича музокаралар ижобий натижа бермаса, бошқа муқобил номзодлар ҳам кун тартибига қайтиши мумкин. Хусусан, Ланс сафида тўп сураётган Риссер ҳамда Фрайбург дарвозабони Атуболу вариантлари клуб эътиборидан четда қолмаяпти. Ювентус раҳбарияти яқин кунларда якуний қарорга келиши талаб этилади.






























Изоҳлар 0
…