«Тўй бўлади»: Синдоровнинг бобоси Ассаубаева ҳақида гапирди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Жавоҳир Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров, агар невараси ва Бибисора Ассаубаева оила қуришга қарор қилса, уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
- Унинг фикрича, бу никоҳ нафақат икки ёш учун, балки Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларини янада яқинлаштирувчи омил бўлиши мумкин.
- Комил Синдоровнинг таъкидлашича, Жавоҳирнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритиши масаласи ҳал бўлгач, тўй масаласи муҳокама қилинади.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли гроссмейстери Жавоҳир Синдоров ва қозоғистонлик гроссмейстер Бибисора Ассаубаеванинг муносабатлари ҳақида янги маълумотлар маълум бўлди. Жавоҳирнинг бобоси, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров уларнинг келажакдаги тўйи ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у «Қароргоҳ» подкастида сўз юритди.
Комил Синдоровнинг айтишича, агар ёшлар оила қуришга қарор қилса, у бунга қарши эмас ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёр.
«Агар ёшлар шундай фикрга келса, мен қарши эмасман, оқ фотиҳа бераман. Улар болалигидан бери кўплаб мусобақаларда бирга иштирок этган, ўй-фикри, дунёқарашлари бир хил. Бибисора ҳам Қозоғистоннинг фахри, гроссмейстер, бир неча карра Жаҳон чемпиони», — деди у.
Унинг фикрича, бу никоҳ нафақат икки ёшнинг ҳаётидаги муҳим воқеа, балки Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларини янада яқинлаштирувчи омил ҳам бўлиши мумкин.
«Дўстона муносабатлар аста-секин муҳаббатга айланди»

Комил Синдоров Жавоҳир билан бу мавзу бўйича бир неча бор суҳбатлашганини айтди. Дастлаб оила аъзолари бу муносабатлар ёшлик қизиқиши бўлиши мумкинлигини ҳам ўйлашган. Бироқ ёшларнинг бир неча йилдан бери давом этаётган муносабатлари уларнинг фикрини ўзгартирган.
«Унга ўйлаб кўришини, бу балки ёшлик қизиқиши бўлиши мумкинлигини айтганмиз. Йўқ, улар бир неча йилдан бери муносабатларини давом эттириб келяпти. Дўстона муносабатлар аста-секин муҳаббатга айланди», — деди у.
Шу билан бирга, Комил Синдоров ҳозир Жавоҳир учун асосий вазифа жаҳон чемпионлигига эришиш эканини таъкидлади.
«У Жаҳон шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келса, албатта, бу масалани муҳокама қиламиз. Тўй бўлади, бундан жуда кўп нарса кутяпмиз», — дея қўшимча қилди у.
Нега бу никоҳ оила учун маъқул?
Комил Синдоровнинг фикрича, шахмат оламини тушунадиган инсон билан оила қуриш Жавоҳир учун қулай бўлиши мумкин. Сабаби, профессионал шахматчилар йилнинг катта қисмини хориждаги мусобақаларда ўтказади.
«У йилнинг 11 та ойида хорижда мусобақаларда иштирок этади. Оиласи у билан бирга юриши керак, қизиқмаган одам учун бу жуда катта қийинчилик туғдиради. Шунинг учун бу бизга ҳар томонлама маъқул ва қулай», — деди у.
Унинг таъкидлашича, Бибисоранинг Қозоғистондан экани икки халқни янада яқинлаштириши мумкин. Комил Синдоров шахматчининг Ўзбекистонга келиши мамлакат шахмати ривожига ҳам фойда келтиришига ишонч билдирди.
Жавоҳир Синдоровни жаҳон чемпионлиги учун муҳим баҳс кутмоқда

Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон тарихида жаҳон шахмат тожи учун баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк шахматчи ҳисобланади. У 2026 йил 22 ноябрдан 13 декабргача Швейцариянинг Женева шаҳрида амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан беллашиши режалаштирилган.
Мусобақа 14 та классик партиядан иборат бўлади. 7,5 очко тўплаган шахматчи чемпионликни қўлга киритади, ҳисоб тенг бўлса, ғолиб тай-брейк орқали аниқланади. Ғолибга 1,3 миллион доллар, финалчига эса 1,2 миллион доллар мукофот пули берилиши кўзда тутилган.
Жавоҳир Синдоров FIDE онлайн рейтингида бир поғона юқорилаб, дунёнинг учинчи рақамли шахматчисига айланган эди.
Аввалроқ Бибисора Ассаубаева Telegram каналида обуначисининг Жавоҳир билан қачондан бери учрашиб юргани ҳақидаги саволига жавоб бериб, ўша пайтда унинг рейтинги ҳали 2700 очкога етмаганини айтган эди.






























Изоҳлар 0
…