07:00 / 06.08.2018
3 999

Серқуёш Ўзбекистонга хуш келибсиз, Купер!

Серқуёш Ўзбекистонга хуш келибсиз, Купер!
Ниҳоят, Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарадиган янги бош мураббий номи ҳам маълум бўлди. Эктор Купер! Бу ном футбол мухлислари учун яхши таниш, ҳар холда қулоқларимизга кўп бор чалинган, шундай эмасми? Бунгача миллий терма жамоани ким бошқариши, қайси хорижлик мутахассис келиши ҳақида кўп бор баҳс-мунозаралар ҳам бўлгани рост. Лекин охирги пайтларда номзодлар орасида Купер ҳам пайдо бўлганини ОАВ илғаб олганди ва сўнгги пайтларда у ҳақида ёзаётгандик. Бу хабарлар эса якунда ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам охирги пайтларда бош мураббий номи тез орада эълон қилиниши ҳақида айтаётганди. Янги тайинланув борасида Аҳмаджонов фикр билдирар экан, янги мураббий номини сабр билан кута олган халқимизга миннатдорчилик билдириб ўтди. Чиндан ҳам халқимиз миллий терма жамоани қайси мутахассисга ишониб топширишимиз борасида узоқ кутдилар. Аслида бу ҳолат қишдаёқ ҳал бўлиши кутилганди, аммо маълум сабабларга кўра мураббий тайинлаш масаласи чўзилиб кетаверди. Лекин бир томондан қараганда, хорижлик мураббий билан тил топишиш ҳам осон эмас, қолаверса, уларнинг нархи ҳам “осмон”.

Шунингдек, бизникилар мураббий танлашда номзодларни кўпайтиришди ва энг муҳими, жаҳон чемпионатида ишлаган мураббий олиб келиниши ҳақида Аҳмаджонов кўп бор таъкидлаганди. Унинг ушбу сўзлари ҳам янги мураббий топишда албатта сўнгги мундиал қатнашчиси бўлиши шартлигини белгилаб қўйганди. Шу боис бош мураббий роли кимга топширилиши борасида бизда ҳам тахминлар йўқ эмасди. Карлос Кейруш, Берт ван Марвейк, Златко Далич сингари мутахассисларнинг номлари тилга олинаётганди. Лекин масаланинг нозик томони шунда эдики, музокараларда икки тарафнинг фикрлари бир жойдан чиқиши лозим бўларди.

Масалан, Далич Хорватия билан жаҳон чемпионати финалига чиққанидан кейин ўзини дунёдаги иккинчи рақамли мураббий деб ҳисоблаб қаерга борса ҳам йиллик маоши беш миллион евро бўлиши кераклигини очиқ ойдин айтди. Бундай нархга мураббий олиб келиш анча мунча терма жамоалар учун оғирлик қилиши шубҳасиз. Кейрушнинг нархи ҳам анчагина салмоқли эди. Биздаги маълумотларга қараганда уларнинг нархи анча қимматлик қилган. Бизнингча, Эктор Купер варианти юқоридагилар билан музокаралар “ўхшамагани”дан кейин пайдо бўлган. Нима бўлганда ҳам Умид Маҳаммаджонович гапининг устидан чиқиб айнан Россиядаги жаҳон чемпионатида ишлаган, таниқли бўлган мураббий олиб келинди. Эктор Купер ҳам ўзига яраша обрўга эга бўлган, жаҳон футболида ҳурматга сазовор бўлган мутахассислардан бири эканлигига заррача шубҳа йўқ.

Айниқса, унинг Мисрни 28 йил деганда мундиалга олиб чиқа олгани катта натижага айланди. Тўғри, мундиалда Купер бошчилигидаги мисрликлар гуруҳдаги барча ўйинларда ютқазишди, аммо буниси энди бошқа масала. Асосийси, Купер ва бизникиларнинг фикри бир жойдан чиқди. Табиийки, унинг нархи ҳам вакилларимизни қониқтирди. Тўғри, Купер ҳам аслида арзон мураббий эмас. Масалан, унинг Мисрдаги йиллик маоши жаҳон чемпионати пайтида 1,5 млн евро эканлиги келтириб ўтилган. Бу ҳам аслида катта рақамлар. Умуман олганда, Купернинг энди Ўзбекистондаги маоши қанча эканлиги сизларни қизиқтириши табиий. Лекин бу сумма ошкор этиладими-йўқми, ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Одатда бизда бундай маълумотлар сир сақланади.

Купернинг Ўзбекистонда иш бошлашини дунё матбуоти ҳам алоҳида эътироф этаётгани эътиборга молик. Кўпчилик Миср терма жамоаси 28 йил деганда Купер туфайли мундиалга чиққанини эслатиб, энди бу ишни Ўзбекистонда амалга ошириш учун келганини ёзишмоқда. Аслида ҳам шундай. Бизнинг асосий мақсадимиз 2022 йили Қатарда бўладиган мундиалда иштирок этиш. Бу мақсадимиз аргентиналик мураббий билан музокаралар жараёнида ҳам қулоғига яхшилаб қуйилган бўлса ажаб эмас. Ўз навбатида Эктор Купер ҳам биз ўзбекларнинг асл мақсадимиз ва орзумизни яхши англаб турганига ишончимиз комил.

Юқорида таъкидлаганимиздек, жаҳон савиясидаги мураббийнинг миллий терма жамоамиз бош мураббийи этиб тайинланганига хориж матбуоти ҳам эътибор қаратмоқда. Қолаверса, терма жамоамизни ҳали топ-савиядаги мураббий бошқармаганди. Айнан шуниси билан ҳам аргентиналикнинг Ўзбекистонда иш бошлаши эътиборли бўлиб кўринмоқда. Унинг олдида турган дастлабки вазифа эса 2019 йили БААда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашишдан иборат бўлади. У аввало жамоамизни ушбу мусобақа учун тайёрлайди. Дарвоқе, Купер ўз вақтида Испаниянинг “Валенсия”си ва яна бошқа клубларни бошқарган пайтда унинг жамоаларига кўрсатган ўйинларига қараб “романтик футбол” деб таъриф беришганди. Бунинг устига Миср терма жамоасида ҳам мутахассис анча самарали ишлади.

Ҳар холда у Миср футболи тарихидан жой олди. Энди навбат Ўзбекистонга! Купернинг ўзи ҳам янги муваффақиятларга ташна эканлигига ишонамиз. Қолаверса, бизнинг истак ва мақсадларимиз ҳам ушбу мутахассисни қизиқтириб қўйган. Йўқса, бу лойиҳага рози бўлармиди? Шунингдек, хорижлик футбол соҳасида ишлайдиган танишларимиз ҳам мазкур мураббий ҳақида илиқ фикрларни билдиришаётгани ҳам бор гап. Купер янги иқтидорларни кашф қилишни ёқтиради. Уларни излаб топишдан сира эринмайди. Эктор Ўзбекистондан таклиф олганидан кейин бизнинг мамлакат ва футболимиз ҳақида етарли маълумотларга тўплаган бўлиши ҳам табиий.

Демоқчимизки, Мисрдаги анча машаққатли ва шу билан бирга самарали иш фаолиятидан кейин энди Ўзбекистонда ҳам яна “қайноқ” меҳнат режимига кириб кетади. У эса бу тарзда ишлашни ёқтиради. Ҳозирча бу мураббийга ортиқча таъриф бермай турамиз. Қачонки, терма жамоамиз билан муваффақиятларга эришганидан кейингина унга аниқ баҳо бериш имкониятига эга бўламиз. Ҳозирча эса ундан умид қилиб турамиз. Албатта, Купер сеҳргар эмас. Бироқ уни бу ерга таклиф қилишдан мақсад терма жамоамиз билан муваффақиятга эришиш ва жаҳон чемпионатига олиб чиқиш.

Бу эса кўп ҳам мўъжиза кўрсатиш талаб қилмайди. Ҳар холда бунгача ўзимизнинг мутахассислар бошқарувида ҳам бир оёғимиз билан жаҳон чемпионатига яқин келаётгандик. Эктор эса ўз тажрибаси ва билими билан Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқишга қодир деб ҳисоблаймиз. Умид қиламизки, ушбу мураббийнинг юртимизга қадам босиши қутлуғ келади. Энди мураббий масаласи ёпилди ва бор эътиборимизни Куперга қаратамиз. Шундай экан, серқуёш Ўзбекистонга хуш келибсан, Эктор!
Шуҳратбек Жўраев.

Манба: Sports.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Серқуёш Ўзбекистонга хуш келибсиз, Купер!