
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бир нечта халқаро авиарейслар Самарқанд халқаро аэропортига муқобил аэродром сифатида йўналтирилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, айрим аэропортларда туман ва кўриниш даражасининг кескин пасайиши парвоз хавфсизлигига таъсир кўрсатган. Шу сабабли экипажлар хавфсизликни устувор деб билиб, рейсларни Самарқандга йўналтиришга қарор қилган.
Хусусан, Москва–Бухоро йўналишидаги рейс Бухоро аэропортида кўриниш 650 метрга тушгани сабабли Самарқандда қўнди. Самолёт маҳаллий вақт билан 03:27 да ерга қўнган.
Санкт-Петербург–Урганч рейси эса Урганч аэропортида кўриниш 200 метргача пасайгани учун Самарқандга йўналтирилди ва 06:17 да қўниш амалга оширилди. Шунингдек, Москва–Термиз рейси ҳам Термиздаги туман ва чекловлар сабабли Самарқандга қўниб, 06:03 да етиб келган.
Бундан ташқари, Москва–Бухоро (SU1876) рейси Бухорода кўриниш 300 метрга тушгани боис Самарқандга йўналтирилди. Ушбу самолёт 06:36 да қўнган.
Яна бир ҳолатда, Истанбул–Наманган рейсида йўловчилардан бирининг соғлиги ёмонлашгани сабабли самолёт фавқулодда тартибда Самарқанд халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлган. Қўниш 05:53 да амалга оширилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.